28 Июн 2021 йил 506

“Қорадори-2021”: Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар фош этилди

Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга йўналтирилган “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи давомида Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир неча жиноятлар фош этилишига эришилди. 

Жумладан,  Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан 2021 йил 21 июнь куни Урганч шаҳрида ўтказилган тадбир натижасида Урганч шаҳрида яшовчи, 1985 йилда туғилган Х.Б. ўзининг  ҳамшаҳар таниши, 1986 йилда туғилган Ш.Д. билан олдиндан жиноий тил бириктириб, целофан пакетга ўралган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 600.000 сўмга сотаётган пайтида далилий ашёлар билан қўлга олинди.

Шунингдек, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари  томонидан 22 июнь куни Хонқа туманида ўтказилган тадбирда, шу туманда яшовчи, 1978 йилда туғилган Р.Р. алоҳида-алоҳида қадоқланган 5 бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 2.000.000 сўмга сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Бундан ташқари, вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан жорий йилнинг 23 июнь куни Урганч шаҳрида ўтказилган навбатдаги тадбир жараёнида, бир бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 1.200.000 сўмга сотишга уринган, Урганч шаҳрида яшовчи, 1965 йилда туғилган А.Х. ашёвий далиллар билан жиноят устида қўлга олинди. Шундан кейин унинг ёни ва уйи холислар иштирокида кўздан кечирилганида, уйидаги совутгич ичида яна уч бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги маълум бўлди.

Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гиёҳвандлик - умр заволи ва тараққиёт кушандасидир, шу боис кундалик ҳаётингизга гиёҳвандлик воситалари кириб келишига йўл қўйманг.

  Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech