“Қорадори-2021”: Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар фош этилмоқда
Мамлакатимизда гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ва психотроп моддаларни қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш, ўтказиш, шунингдек тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ ҳолатларни аниқлашга йўналтирилган “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбирининг 1 май куни бошланган биринчи босқичи изчиллик билан давом этмоқда.
Хоразм вилоятида ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган тезкор чора-тадбирлар натижасида гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ бир неча жиноятлар фош этилишига эришилди.
Жумладан, Хоразм вилояти ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан 2021 йил 18 май куни Урганч шаҳрида ўтказилган тадбир натижасида, Урганч туманида яшовчи, 1989 йилда туғилган Ш.Қ. бир бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда равишда 400 000 сўмга сотаётган пайтида жиноят устида қўлга олинди. Уни ёни кўздан кечирилганида чўнтагида яна бир бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги аниқланди.
Шунингдек, 18 май куни ИИВ ва вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан ҳамкорликда Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда, Нексия-3 автомашинасини бошқариб келаётган, 1978 йилда туғилган, Урганч туманида яшовчи, Д.М. тўхтатилиб, ёни холислар иштирокида кўздан кечирилганида, чўнтагида икки бўлак “опий” гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда сақлаб қўйганлиги маълум бўлди.
Бундан ташқари, 25 май куни вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари томонидан Урганч шаҳрида ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир натижасида, Урганч туманида яшовчи, 1999 йилда туғилган С.К. бир бўлак “марихуана” гиёҳвандлик воситасини 350 000 сўмга сотаётганида жиноят устида қўлга олинди. Дастлабки суриштирув жараёнида у ушбу гиёҳвандлик воситасини Урганч шаҳрида яшовчи, 1995 йилда туғилган, Ғ.М. дан олганлигини билдирганлиги сабабли, Ғ.М. зудлик билан ушланиб, ёни ва яшаш жойи холислар иштирокида кўздан кечирилганида, чўнтагидан 2 та гугурт қутисида, уйида эса 10 та қоғоз варағида алоҳида қадоқланган “марихуана” гиёҳвандлик воситаларини сақлаб келаётганлиги маълум бўлди.
Хоразм вилояти ИИБ ва Урганч шаҳри бўйича ИИО ФМБ ходимлари томонидан ҳамкорликда жорий йилнинг 26 май куни Урганч шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда эса, Урганч туманида яшовчи, 1975 йилда туғилган Н.С. уч қадоқда бўлган “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 650 000 сўмга сотаётган пайтида жиноят устида ашёвий далиллар билан қўлга олинди, шундан кейин ёнини кўздан кечириш жараёнида уяли телефонининг ғилофи ичида яна бир бўлак “гашиш” гиёҳвандлик воситасини сақлаб қўйганлиги аниқланди.
Юқоридагилардан ташқари, вилоят ИИБ Жиноят қидирув бошқармаси ходимлари Гурлан туманида яшовчи, 1971 йилда туғилган Ф.Б.нинг уйи ва томорқаларини 3 июнь куни холислар иштирокида кўздан кечирганларида, у томорқасида 137 туп “каннабис” ўсимлигини экиб, етиштириб келаётганлигини аниқлаб, холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олдилар.
Юқоридаги барча ҳолатлар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 май куни бошланган “Қорадори-2021” тезкор-профилактик тадбирининг биринчи босқичи 30 июнь кунига қадар давом этади.
Гиёҳвандлик - умр заволи ва тараққиёт кушандасидир, шу боис кундалик ҳаётингизга гиёҳвандлик воситалари кириб келишига йўл қўйманг.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати