“Қорадори-2022”: Профилактика инспектори томонидан аниқланган “каннабис”нинг вазни 11 килограмдан оғир экан
Жорий йилнинг 1 август кунидан “Қорадори-2022” тезкор-профилактик тадбирининг иккинчи босқичи бошланган бўлиб, мазкур тадбир доирасида Хоразм вилояти ИИБ томонидан гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласи ҳамда тақиқланган экинларни, яъни кўкнор ёки мойли кўкнор, каннабис ўсимлиги ёхуд таркибида гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар бўлган экинларни қонунга хилоф равишда экиш ёки етиштириш билан боғлиқ жиноятларни фош этишга қаратилган чора-тадбирлар ҳам кучайтирилган тарзда олиб борилмоқда.
Бу борадаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашда ҳудудий профилактика инспекторлари ҳам фаоллик кўрсатишмоқда.
Хусусан, жорий йилнинг 11 сентябрь куни Гурлан тумани “Олға” маҳалласида фаолият олиб бораётган профилактика инспектори лейтенант Д.Ғўчиев “хонадонбай” тартибида профилактик ишларини ўтказиш жараёнида, шу маҳаллада яшовчи, 1984 йилда туғилган фуқаро Б.Қ. ўз уйининг томорқасида 4 туп “каннабис” ўсимлигини қонунга хилоф равишда экиб, етиштириб келаётганлигини аниқлади.
Шундан кейин ҳодиса жойига етиб келган тергов-тезкор гуруҳи томонидан таркибида гиёҳвандлик воситаси бўлган “каннабис” ўсимлиги холислар иштирокида ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди.
Ҳосилга кириш арафасида бўлган ушбу 4 туп “каннабис”нинг вазни 11 килограммдан ортиқ эканлиги маълум бўлди.
Мазкур холат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати