8 Июл 2021 йил 528

Ов қуролларини сақлаш ва улардан фойдаланишда қонунчиликка қатъий риоя этиш лозим

Хоразм вилояти ИИБ ППХваЖТСБ назорат-лицензиялаш фаолиятини ташкил этиш гуруҳи ходимлари профилактика инспекторлари ҳамда овчилар ва балиқчилар спорт бирлашмасининг вилоят бўлими мутахассислари билан ҳамкорликда вилоят ҳудудида фуқароларга тегишли бўлган ов қуролларининг сақланиши ва улардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, қурол билан боғлиқ бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича махсус профилактик тадбирларни амалга оширишмоқда.

Бунда фуқаролар ихтиёрида бўлган 4769 дона ов қуроли, махсус хона ва сейфларнинг белгиланган қоидаларга асосан жойлашиши ҳамда фуқароларга берилган махсус рухсатномаларнинг амал қилиш муддати ўрганиб чиқиляпти.Тадбир давомида камчиликларга йўл қўйган фуқароларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, қонун устуворлиги таъминланмоқда.

Шунингдек ўтказилаётган профилактик тадбирларда вилоят ҳудудида мавжуд бўлган ихтисослаштирилган овчилик дўконларида ов қуроллари ва ўқ-дориларни сақлаш тартиби ҳам ўрганилиб, масъул шахсларга белгиланган қоидалар бўйича тушунтиришлар берилмоқда.

Маҳалла, корхона, ташкилот ва муассасаларда ўтказилаётган профилактик тадбирларда ҳужжатсиз ов қуролларини сақлаш белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши, аксинча, бундай қуролларни ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга топшириш жавобгарликдан озод этилиши бўйича тушунтиришлар бериляпти.

Гурлан тумани А.Ўтар кўчасида яшовчи фуқаро жорий йилнинг 28 июнь куни марҳум отасига тегишли бўлган, ҳужжатсиз ов қуролини ўз уйининг ер тўласидан топиб, ихтиёрий равишда туман ички ишлар бўлимига топширганлиги сабабли амалдаги қонунчиликка асосан жавобгарликдан озод этилганлигини мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида фуқаролар томонидан 26 та ов қуролларини ва 63 дона ўқ-дориларини ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга топширишган. Юқоридаги кўрсаткични жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирларнинг самарасидир десак муболаға бўлмайди.

Хоразм вилояти ИИБ ППХваЖТСБ

         катта инспектори катта лейтенант 

 М.Раҳмонов

Text to speech