25 Май 2023 йил 752

Ўз онасининг қотилига айланган ўғилга нисбатан суд ҳукми эълон қилинди

Аслида спиртли ичимлик истеъмол қилган одам раҳмсиз, худбин ва сурбет кимсага айланади. У ўзининг қўпол муомаласи билан кишиларнинг ғашига тегади. Уларни ранжитади. Кўнглини хуфтон қилади. Бундай кимсалар оила, уй-рўзғор ташвишларини бир чеккага суриб қўйиб, тубанлик сари йўл олади. Тупроққальа туманида яшовчи Ғ. Латип (ҳодиса иштирокчиларининг исми-шарифи ўзгартирилган) ҳам ана шундай нопок кимсалардан бири. У спиртли ичимликка берилди-ю, оиласида нотинчлик пайдо бўлди. Ҳаёти издан чиқди. Салима опа уни уйлантириш, оилали қилиш учун қанча хонадонларга бош суқмади. Аммо носоғлом турмуш тарзи билан кун кечираётган Латипга ҳеч ким қизини бермади. Шу тариқа ойлар, йиллар ўтди. Аммо Латип ичкиликни ташламади. Унинг бу турмуш тарзи онаизорни адойи тамом қилди. Ўша куни ҳам у маст ҳолда уйига кириб келди ва арзимаган сабаблар билан онасини ҳақоратлай бошлади. Ўғлининг озорларидан асаблари қақшаган Салима опа “Қачон одам бўласан!? Шу ичкилик туфайли умринг хароб бўлди. Ҳаётда оила қурмасдан, фарзанд кўрмасдан ўтиб кетадиган бўлдинг! Сени шу орзу-ниятларда дунёга келтирганмидик! Ҳайф сендек ўғилга..!”

Латип онасининг бу дарду-ҳасратларини эшитди-ю, баттар ғазаби қайнади. Кўзлари қонга тўлиб, қаршисида кўз ёш тўкиб турган онаизорни аёвсиз калтаклай бошлади. Қонга беланган Салима опа унинг чангалидан қутилиб қолиш илинжида ташқари эшик томон судралди. Аммо вахшийлашган Латип уни қўйиб юбормасдан танасининг турли қисмига тепиб, туртина-суртина ётоқхонасига кириб кетди. Оғир тан жароҳати олган Салима опа бирор соатдан сўнг ўзига келиб, зўрға ётоқхонасига кирди ва яна хушидан кетди.

Тонгга яқин уйғонган Латип онаси билан жанжаллашгани эсига тушиб, у ётган хонага кирди. Бу вақтда Салима опа юзу-кўзлари қонталаш ҳолда қимирламай ётарди. Тошбағир ўғил ҳеч нима бўлмагандек яна ётоғига кириб ухлаб қолди.

Эрталаб Анвар опасидан хабар олгани унинг хонадонига келди-ю, кўзларига ишонмади. Опаси Салима ётоқхонасида қонга беланганча ўлиб ётарди. У дарҳол “Тез ёрдам”га қўнғироқ қилди. Афсуски шифокорлар унинг тахминан уч, тўрт соат муқаддам вафот этганлигини айтишди.

Хуллас, Латипга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилди. Суриштирувлар давомида у айбига иқрор бўлиб, қилмишини тан олишдан бошқа чора тополмади.

Жиноят ишлари бўйича Боғот туман суди Латипнинг мастлик ҳолатида одам ўлдириш билан боғлиқ жиноятни содир қилганлигини оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолаб, унинг айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам судланмаганлигини, жабрланувчининг қонуний вакили томонидан даъво йўқлигини ва ишдаги бошқа ҳолатларни эътиборга олиб, уни 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди.

Аянчли тақдир осмондан тушмайди, у инсоннинг аҳмоқлигидан келиб чиқади, дейишади. Дарҳақиқат шундай. Латип ҳам ичкиликка берилмасдан ҳалол меҳнат қилиб, оила қурганида, бола-чақали бўлганида бундай нохушликлар содир бўлмасди. Афсус, ичкилик оқибатида тақдирини жиноят кўчаси сари бурди ва ўз онасининг қотилга айланди.

 

                                                                      Махмуд МАХМУДОВ,

                                                             Хоразм вилоят судининг судьяси.

                                                                  Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                         “Postda” мухбири.

 

Text to speech