Ўз вақтида кўрсатилган ёрдам туфайли фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди
Жорий йилнинг 17 декабрь куни тунги соат 02.30ларда “Хавфсиз ҳаёт” мобил иловаси орқали чақирув эълон қилинди. Шу яқин атрофда хизмат вазифасини ўтаётган Хоразм вилояти ИИБ ЖХХ ЖТСБ ППХ батальони 1-отряд ҳайдовчи ходими, кичик сержант Раззоқ Абдуллаев ҳамда 2-отряд сафдор ходими, сафдор Тохир Шамаковлар дарҳол мобил илова орқали чақирув юборган фуқаро билан боғланишди. У Урганч шаҳридаги “Машъал” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Шовот” каналида номаълум кимса муз ёрилиб кетиши оқибатида сувга тушиб кетгани, зудлик билан унга ёрдам берилмаса ҳаёти хавф остида эканлигини айтди. Тезкор маълумотга эга бўлган ППХ батальони ходимлари зудлик билан ҳодиса жойига етиб бориб, каналдаги фуқарони сувдан олиб чиқишди ва унга тез тиббий ёрдам кўрсатишди.
Суриширувлар давомида фуқаронинг шахсига аниқлик киритилди ва ҳодиса сабаблари ўрганилди.
-Танишларимдан бири тўйга таклиф қилди,-дейди Урганч туманида яшовчи Б. Баҳодир қилмишидан афсусланганча.-Тўйхонада спиртли ичимлик истеъмол қилганимдан кайфим ошиб қолди. Тўй якунлангач, уйга қайтиш ниятида такси кута бошладим. Аммо вақт алламаҳал бўлгани учунми такси ҳам учрамади. Хуллас, яёв уйга қайтишга қарор қилдим. Шаҳардаги “Шовот” канали кўпригидан ўтаётиб, муз устида бироз сайр қилгим келиб қолди. Каналга тушиб, тўрт, беш қадам юришим билан муз ёрилиб сувга тушиб кетдим. Бахтимга каналнинг саёзроқ жойи экан. Шундай бўлса-да, бир зумда оёқларим лойга ботиб, ҳаракатланолмай қолдим. Бир неча бор қирғоққа чиқишга уриндим. Аммо тун совуғи туфайли тан-баданим бир зумда музлаб қолди. Вақт ўтган сайин оёқларим лойга ботиб, чўка бошладим. Иложсиз қолганимдан “Ёрдам беринглар!”, дея қичқира бошладим. Ярим тун бўлгани учун ён-атрофда ҳеч ким кўринмади. Совуқдан титрай бошладим. Жон талвасасида ёрдам сўраб қичқиришда давом этдим. Орадан бир мунча вақт ўтгач, қанал қирғоғида бир йигит пайдо бўлди. Холоскоримни кўриб, севинчим ичимга сиғмай кетди. У менга ёрдам беришга кўзи етмадими, дарҳол кимгадир қўнғироқ қила бошлади. Орадан кўп вақт ўтмай ППХ батальони ходимлари етиб келишди ва қахратон қишнинг совуғига қарамай сувга тушиб мени каналдан олиб чиқишди. Ичкилик туфайли мана шундай нохуш аҳволга тушиб қолганимдан жуда-жуда афсусдаман. Бу ҳодиса менга чинакам сабоқ бўлди. Холоскорларимнинг ўз вақтида кўрсатган беғараз ёрдами туфайли омон қолдим. Ўзим ва оилам номидан бу фидойи инсонларга миннатдорлик билдираман. Доимо халқимизнинг ҳурмат-эътиборида бўлишсин!
Орамизда юртимиз, меҳнаткаш халқимиз учун жон фидо қиладиган мард ва жасур инсонлар жуда кўп. Улар билан ҳар қанча фахрлансак арзийди.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.