18 Март 2021 йил 522

Профилактик тадбирлар натижасида фуқаро ҳужжатсиз ов қуролини ўз ихтиёри билан ИИБга топширди

Айни кунларда Хоразм вилоятида “Тозалаш-Антитеррор” ойлиги ўтказилмоқда. Мазкур ойлик доирасида ички ишлар органлари томонидан турли профилактик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, ички ишлар органлари томонидан тегишли рухсатномасиз ўқотар қурол, шунингдек ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини тайёрлаш, олиш, олиб юриш, сақлаш, олиб ўтиш ёки жўнатиш билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларини аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ов қуролига эга бўлган фуқароларнинг ўқотар қуроллари ва уларнинг ўқ-дориларини сақлаш тартибига риоя қилишлари текширилиши билан биргаликда ушбу буюмларни ўз ихтиёри билан топширган шахс жавобгарликдан озод қилиниши тўғрисида ҳам ҳуқуқий тарғибот ишлари олиб борилмоқда.

Олиб борилган ана шундай профилактик тушунтириш ишлари натижасида, Шовот туманининг “Янгийўл” маҳалласида яшовчи фуқаро, 2021 йил 11 март куни эски молхонасини бузиш жараёнида марҳум бобосига тегишли, ҳеч қандай ҳужжатга эга бўлмаган ов қуролини топиб олганлигини маълум қилиб, ушбу ов қуролини ўз ихтиёри билан Шовот тумани ички ишлар бўлимига топширди. Ушбу шахс амалдаги қонунчиликка асосан жавобгарликдан озод қилинди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech