10 Апрел 2021 йил 554

ПРОФИЛАКТИК ТАДБИРЛАР САМАРАСИ

    Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ назорат-лицензиялаш фаолиятини ташкил этиш гуруҳи ходимлари профилактика инспекторлари ҳамда овчилар ва балиқчилар спорт бирлашмасининг вилоят бўлими мутахассислари билан ҳамкорликда вилоят худудида фуқароларга тегишли бўлган ов қуролларининг сақланиши ва улардан фойдаланиш устидан назоратни кучайтириш, қурол билан боғлиқ бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича махсус профилактик тадбирларни амалга оширишмоқда. Бунда фуқаролар ихтиёрида бўлган 4808 дона ов қуроли, махсус хона ва сейфларнинг белгиланган қоидаларга асосан жойлашиши ҳамда фуқароларга берилган махсус рухсатномаларнинг амал қилиш муддати ўрганиб чиқиляпти. Тадбир давомида камчиликларга йўл қўйган фуқароларга нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, қонун устиворлиги таъминланмоқда.  

   Шунингдек, ўтказилаётган профилактик тадбирларда вилоят худудида мавжуд бўлган ихтисослаштирилган овчилик дўконларида ов қуроллари ва ўқ-дориларни сақлаш тартиби ҳам ўрганилиб, масъул шахсларга белгиланган қоидалар бўйича тушунтиришлар берилмоқда.

   Маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда, муассасаларда ўтказилаётган профилактик тадбирларда ҳужжатсиз ов қуролларини сақлаш белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлиши, аксинча, бундай қуролларни ўз ихтиёри билан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга топшириш жавобгарликдан озод этилиши бўйича тушунтиришлар берилмоқда.

   Шовот туманининг “Янгийўл” маҳалласида яшовчи П.Р. жорий йилнинг 11 март куни эски молхонасини бузиш жараёнида марҳум бобосига тегишли бўлган, ҳужжатсиз ов қуролини топиб олган ва уни ўз ихтиёри билан туман ички ишлар бўлимига топширган. Ушбу фуқаро бу ҳаракати билан амалдаги қонунчиликка асосан жавобгарликдан озод этилди. Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

    Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 22 нафар фуқаро ўз ихтиёри билан ов қуролларини ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга топширишган. Бу жойларда ўтказилаётган профилактик тадбирларнинг самарали натижасидир.

                                                               

                                                                          Музаффар РАХМОНОВ,

                                                                Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ

                                                                катта инспектори, лейтенант.

Text to speech