Раддия: You Tube видеохостингидаги “Haqiqat yo’lida.Uz” каналида “Ҳазорасп туманида бу ҳолатга қонуний ечим борми???” номли сарлавҳа остида намойиш этилган видеолавҳа юзасидан
2021 йил 16 январь куни You Tube видеохостингидаги “Haqiqat yo’lida.Uz” каналида “Ҳазорасп туманида бу ҳолатга қонуний ечим борми???” номли сарлавҳа остида видеолавҳа намойиш этилган бўлиб, ушбу видеолавҳага маъмур томонидан “Хоразм вилояти Ҳазорасп тумани ИИБ ЙПХ ва прокуратура томонидан 2018 йилдан буён қонуний ечимини топмаган муаммо” дея изоҳ ёзилган.
Ушбу видеолавҳа тааллуқлили бўйича Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва унда келтирилган фактлар қуйидаги асосларга кўра рад этилади.
2018 йил 2 октябрь кунидан 3 октябрь кунига ўтар кечаси Ҳазорасп тумани Хива кўчасида “Nexia” русумли 90 W 067 JA давлат рақам белгили автомашина йўл чеккасидаги дарахтга урилиб йўл-транспорт ҳодисаси содир қилганлиги тўғрисидаги хабар Ҳазорасп тумани ИИБ да тегишли тартибда қайд этилиб, ҳодиса жойига зудлик билан тергов-тезкор гуруҳи етиб борган.
Ҳолат юзасидан дастлабки суриштирув пайтидаёқ мазкур автомашина ҳайдовчиси, Ҳазорасп туманида яшовчи Адамбой Жуманиёзов суриштирувчини чалғитишга, ҳақиқий ҳолатни яширишга уриниб асосланмаган кўрсатмалар бериб келган.
Жумладан, йўл-транспорт ҳодисасини содир этишига “Lacetti” русумли 90 241 VSF давлат рақам белгили хизмат автомашинасида бўлган ЙПХ инспекторлари қувганлиги сабаб бўлганлиги тўғрисида берган кўрсатмалари прокуратура органлари томонидан гувоҳларнинг кўрсатмалари ва ҳодиса жойига яқин жойда ўрнатилган кузатув камераларининг хотирасидаги видеоёзувлар бир неча бор ўрганилиб, асосли рад қилинган (прокуратура ва суд органларининг барча инстанцияларига мурожаат қилганлигини ва ушбу мурожаатлари қаноатлантирилмаганлигини А.Жуманиёзов видеолавҳада ҳам таъкидлаб ўтган).
Бугунги кунда, мазкур йўл-транспорт ҳодисаси келиб чиқишига ҳайдовчининг тезликни меъёридан ошириши ва бошқарувни йўқотиши сабаб бўлганлиги тўғрисида якуний қарор қабул қилинган.
Шу ўринда мазкур жараённи кенг жамоатчилик эътиборига олиб чиққан блогер вазиятда тўғри ёндашмасдан, фақат бир томоннинг фикрларини ёритган, бу эса аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бўлган ишончига путур етказишга олиб келади.
Ваҳоланки, блогер вилоят ИИБ ёки ЙҲХБ Ахборот хизматига мурожаат қилганида унга ҳолат юзасидан батафсил маълумот ва мутасадди ходимлар томонидан интервью берилар эди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати