Расмий маълумот: Ижтимоий тармоқлардаги “Хоразмча рейдерлик: ИИБ ходимлари хокимнинг топшириғига кўра фуқаронинг 30 тонна буғдойи тортиб олгани айтилмоқда” номи остида тарқалаётган хабарлар юзасидан
Урганч тумани ҳокимияти томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида 2021 йил 10 июнь куни “Kiva sesame” МЧЖ ерларида ноқонуний экилган буғдой ўриб олинаётганлиги аниқланиб, МЧЖ раҳбари ва ишчилари туман ҳокимияти томонидан огоҳлантирилиб, ноқонуний буғдойни ўрмаслиги тўғрисида тушунтириш берилган бўлсада, 14 июнь куни “Kiva sesame” МЧЖ экин ерларида шу ҳол яна такрорланиб келган.
Шунга қарамасдан, “Kiva sesame” МЧЖга қарашли ерларда тунги вақтларда буғдой ўрими тўхтатилмаган, ўзбошимчалик билан давом эттирилиб, ўриб олинган ғалла ҳосили туманда яшовчи фуқаро И.Ражабовни уйига олиб бориб қўйилган.
Жорий йилнинг 19 июнь куни туманда ғалла ўрими пайтида турли талон-тарожликларни олдини олиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳ аъзолари, “Kiva sesame” МЧЖ ерларида ноқонуний экилган ва ўриб олинган ғалла ҳосилини “Хоразмдонмахсулотлари” АЖ билан шартнома тузган ҳолда топшириши кераклигини ва далада ўрилмасдан турган ғалла ҳосилини техника хавфсизлигига риоя қилган ҳолда ўриб олишни тушунтириш мақсадида И.Ражабовни уйига боришган.
Ишчи гуруҳ раҳбари ҳисобланувчи туман агроинспекция бошлиғи Р.Ачиловга фуқаро И.Ражабов дастлаб ўзининг фермер хўжалигига алоқаси йўқлигини рўкач қилиб, ҳар қандай шароитда ҳам ғалла ҳосилини топширмаслигини билдириб, ўзи ва яқин қариндошлари томонидан ишчи гуруҳ аъзоларига фаол қаршилик кўрсатганлар.
Шундан кейин, ишчи гуруҳ таркибида бўлган туман ИИБ ходимлари И.Ражабов ва унинг яқин қариндошлари томонидан амалга оширилаётган фаол қаршиликлар ва ўзига-ўзи шикаст етказишга уринишларига чек қўйилган.
Фуқаро И.Ражабовнинг бир неча яқин қариндошлари томонидан мазкур жараёнлар видео тасвирга олинган ва кейинчалик шахсий манфаатлари йўлида, ноқонуний ҳаракатларини яшириб, худди уларга нисбатан давлат органлари томонидан қонунсизлик ҳаракатлари амалга оширилаётганидек кўрсатиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштириб жамоатчилик эътиборини жалб этишмоқчи бўлишган.
Кейинчалик, фуқаро И.Ражабов ва “Kiva sesame” МЧЖ раҳбари Р.Қаландаров ўзаро маслаҳатлашиб, келгусида жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида омборда бўлган 17 тонна 260 кг ва кейинчалик даладан ўриб олинган жами 24,9 тонна буғдойни “Хоразмдонмаҳсулотлари” АЖга ўз ихтиёрлари билан ИИО ходими иштирокисиз олиб бориб топширишган ва шартнома тузишган.
Шунингдек, дастлабки суриштирув жараёнида фуқаро И.Ражабов “Kiva sesame” МЧЖ раҳбари Р.Қаландаров билан оғзаки келишувга асосан ноқонуний равишда 60 гектар ерни бир йил муддатга 250 млн. сўмга сотиб олганлиги аниқланган.
Хозирда мазкур ҳолат юзасидан Хоразм вилоятининг прокуратура органлари томонидан ўрганиш ишлари амалга оширилаётган бўлиб, натижаси юзасидан оммага батафсил ахборот берилади.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати