Расмий муносабат: Ҳазорасп туманида номаълум шахсларнинг ов қуролидан ўқ узаётгани акс этан видеолавҳа юзасидан
Жорий йилнинг 28 июнь куни ижтимоий тармоқларда номаълум шахсларнинг далада ов қуролидан ўқ узаётганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларида “Аҳоли яшаш жойида ов қуролидан фойдаланиш мумкинми?” деган савол пайдо бўлган.
Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган суриштирув жараёнида ушбу ҳолат 2020 йилнинг декабрь ойида Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани “Пичоқчи” маҳалласи ҳудудидаги очиқ дала майдонида содир бўлганлигига аниқлик киритилди.
Ов қуролидан ўқ узган шахслар Ҳазорасп туманида яшовчи, 1990 йилда туғилган М.А. ва унинг шу туманда яшовчи тенгдоши Қ.У. эканлиги, ҳамда улар Ҳазорасп туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган Э.Ш. ўзига тегишли бўлган ТОЗ-34 русумли ов қуролини автомашинада назоратсиз қолдирганидан фойдаланиб, ўзбошимчалик билан ўқ узганликлари маълум бўлди.
Бугунги кунда ушбу фуқароларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 200-моддаси (Ўзбошимчалик) ва 220-моддаси ( Ўқотар қуроллар ва ўқ-дориларни сақлаш ёки ташиш қоидаларини бузиш) билан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, ов қуроли белгиланган тартибда олиб қўйилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати