17 Июл 2021 йил 1419

Расмий муносабат: Боғот тумани ИИБ ходимлари ва фуқаро М.Б. ўртасидаги зиддиятли холат акс этган видеолавҳа юзасидан

Ижтимоий тармоқларда тарқалган Боғот тумани ИИБ ходимлари ва фуқаро Б.М. ўртасидаги зиддиятли холат акс этган видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.

Ўрганиш натижасида қуйидагиларга аниқлик киритилди: Хоразм вилояти Боғот тумани “Янги қадам” маҳалласида яшовчи М.Б. ўзининг онаси С.Б. билан онасининг номида бўлган уйни алоҳида яшаш учун бир қисмини ажратиб олиш масаласида анча вақтдан буён ўзаро низолашиб келаётган бўлиб, бугунги кунда бу юзасидан суднинг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, онаси ва ўзига уйнинг қайси қисми тегишли эканлиги қатъий белгилаб берилган.

Шундай бўлсада, М.Б. онасига уйнинг ажратиб берилган қисмига эркин кириб-чиқиши ва яшаши учун имконият бермасдан, уй эшигини ўзбошимчалик билан михлаб ташлаган ҳамда шу жараёнларда келиб чиққан низолар вақтида бир неча маротаба онасини уриб тан жароҳати етказган.  Онасининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига қилган мурожаати асосида ўғли М.Б. бир неча маротаба Ўзбекистон Республикаси Маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси 2-қисми, 194-моддаси 1-қисми ва 200-моддалари билан ҳамда Жиноят кодексининг 109-моддаси 1-қисми билан жавобгарликка тортилган. Фуқаро М.Б. билан Боғот тумани ИИБ масъул ходимлари хусусан туман ИИБ бошлиғи А.Абдуллаев томонидан бир неча бор якка тартибда профилактик суҳбат ўтказилган бўлишига қарамасдан фуқаро М.Б. ўзининг қонунга хилоф хатти-ҳаракатларини давом эттириб, ўз онасига уйга кириб-чиқиши ва яшашига асоссиз равишда тўсқинлик қилиб келмоқда.

Бевосита видеолавҳада акс этган жараёнга тўхталадиган бўлсак фуқаро С.Б. уйнинг ўзига тегишли қисмига кириб-чиқишига ўғли М.Б. тўсқинлик қилаётганлиги, ўзининг ҳақ-ҳуқуқларини тиклаб ва ҳимоя қилиб бериш масаласида ёрдам сўраб жорий йилнинг 6 июль куни Боғот тумани ИИБга қилган навбатдаги мурожаатидан кейин жорий йилнинг 8 июль куни Боғот тумани ИИБ бошлиғи ва бир гуруҳ масъул ходимлари мазкур хонадонга боришганида М.Б. ҳақиқатан ҳам онаси С.Б. уйга кириб-чиқиши лозим бўлган эшикни ўзбошимчалик билан суд қарорига зид равишда михлаш йўли билан маҳкамлаб ташлаганлиги аниқланган.

Шундан кейин фуқаро С.Б.нинг хохиши ва сўровига кўра ушбу эшик очиб берилган. Унинг ўғли М.Б. эса ушбу эшик қайта ёпишга ва ўз онасининг ушбу хонадонга кириб-чиқмаслигига узил-кесил эришиш мақсадида туман ИИБ ходимларига намойишкорона қаршилик кўрсатган.

Хозирги кунда фуқаро М.Б. нинг юқоридаги хатти-ҳаракатлари юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, мазкур жараёнда туман ИИБ ходимлари томонидан фуқаро М.Б. ёки унинг яқинларига нисбатан жисмоний куч ишлатиш ёки бирон-бир тарзда руҳий босим ўтказиш холатларига йўл қўйилмаган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech