15 Июн 2021 йил 394

Расмий муносабат: Effect.uz сайтида “31 ёшли аёл фарзандидан маҳрум бўлишидан қўрқмоқда” номли сарлавҳа остида эълон қилинган мақола юзасидан

2021 йил 14 июнь куни Effect.uz ахборот агентлигининг интернетдаги сайтида Хоразм вилояти Қўшкўпир туманида яшовчи Лайло Сапаеванинг мурожаати асосида тайёрланган “31 ёшли аёл фарзандидан маҳрум бўлишидан қўрқмоқда” деб номланган мақола ва видеолавҳа эълон қилинган.

Фуқаро Л.Сапаеванинг таҳририят ходимига берган интервьюсида ва шу асосида тайёрланган мақолада Қўшкўпир тумани ИИБ ходимлари томонидан асоссиз равишда руҳий-асаб касалликлар шифохонасига ётқизилганлигини, шунингдек фарзандини олиб қўйишга уриниш бўлаётганлигини келтириб ўтганлиги боис, ушбу ҳолатлар юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз.

Қўшкўпир туманида яшовчи Г.Хўжаеванинг туман ички ишлар бўлимига таниши Л.Сапаева ҳақорат қилганлиги тўғрисида берган аризаси юзасидан суриштирув олиб бориш жараёнида Л.Сапаеванинг руҳиятида жиддий ўзгаришлар сезилганлиги ва  2014 йилдан буён руҳий-асаб касалликлари диспансери ҳисобида турганлиги инобатга олиниб унга нисбатан Қўшкўпир тумани ИИО ФМБ 3-сон ИИБ томонидан 25.03.2021 йилда суд-психиатрия экспертизаси тайинланган.

31.03.2021 йилда Хоразм вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансерида суд-психиатрия экспертлари томонидан ўтказилган экспертизага кўра Сапаева Лайло Сапарбаевна сурункали руҳий касаллик ҳисобланган “Параноид шизофрения” ташҳиси билан касалланган деган хулосага келинган.

Шунга асосан Л.Сапаева Хоразм вилоят руҳий-асаб касалликлари диспансерининг умумий тартибли бўлимида тиббий йўсинда мажбурий даволанган.

Л.Сапаева диспансерда мажбурий даволанишда бўлган пайтида унинг 2019 йилда туғилган фарзандини қаровсиз ва назоратсиз қолишининг олдини олиш мақсадида Қўшкўпир тумани ҳокимлиги ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик кенгаши томонидан болалар уйига жойлаштириш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Л.Сапаевага нисбатан Қўшкўпир тумани ички ишлар органлари ходимлари томонидан бирон-бир тарзда қонунга хилоф хатти-ҳаракатлар содир қилинмаган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати        

Text to speech