Расмий муносабат: Хоразм вилоятида яшовчи 3-4 нафар хотин-қизларнинг ўзаро жанжаллашгани акс этган видеолавҳа юзасидан
2021 йил 27 апрель куни ижтимоий тармоқларда “Аёллар эрини ўйнашини ушлаб жазолашди” номли сарлавҳа остида 3-4 нафар хоразмлик хотин-қизларнинг ўзаро жанжаллашаётгани акс этган видеолавҳа тарқалди.
Мазкур видеолавҳа юзасидан қуйидагилар маълум қиламиз:
Ушбу давомийлиги 1 дақиқа 48 сония бўлган видеолавҳада акс этган ҳолат 2020 йилнинг 18 сентябрь куни Шовот туманида содир этилган. Ҳодиса юзасидан ҳудудий ички ишлар органлари томонидан ўша даврда процессуал тартибда суриштирув ишлари олиб борилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилган ва 2020 йил 16 ноябрь куни судда кўриб чиқилиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан қонуний жазо чоралари қўлланилган.
Шундай бўлсада, ушбу лавҳани қўлга киритган ижтимоий тармоқларнинг айрим фойдаланувчилари ўзгаларнинг шаъни ва қадр-қимматини хурмат қилмасдан, шахсий манфаати йўлида ижтимоий тармоқларда турли шов-шувли номлар остида тарқатишга уринишмоқда.
Ваҳоланки, шахснинг шахсий ёки оилавий сирини ташкил этувчи шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни унинг розилигисиз қонунга хилоф равишда йиғиш ёки тарқатиш қонун билан таъқиб қилинади ва жавобгарликни келтириб чиқаради.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати