Расмий муносабат: Ички ишлар органлари хизмат кийимидаги шахснинг ўзини бошқара олмаётган ҳолати акс этган ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳа юзасидан
2021 йил 11 май куни ички ишлар органлари хизмат кийимида бўлган шахснинг ерда хушсиз ётганлиги ва ўзини хатти-ҳаракатларини бошқара олмаётганлиги акс этган видеолавҳа турли ижтимоий тармоқларда, “ички ишлар ходими маст ҳолатда” деган мазмундаги сарлавҳалар остида тарқалди.
Мазкур холат ўрганилганида, видеолавҳада акс этган шахс Хоразм вилояти ички ишлар органлари профилактика катта инспектори лавозимида хизмат қилиб келаётган ходим эканлиги маълум бўлди.
Ушбу ходим билан олиб борилган дастлабки суриштирув давомида у мазкур ҳолат 2021 йилнинг 8 май куни тушликдан кейин кечки пайтгача бўлган давр оралиғида бўлганлигини, шу куни қон босими ошиб, ўзини ёмон ҳис қилганлиги учун уйига қайтаётганида, уйи яқинида ҳушини йўқотиб йиқилганлигини, шу аҳволда қанча вақт ётганлигини эслолмаслигини, ўзига келгач ҳам уйига киришда хатти-ҳаракатларини бошқара олмасдан қийналганлигини, шу куни ҳудудий поликлиникага мурожаат қилиб, тиббий муолажа олганлигини, асло спиртли ичимлик истеъмол қилмаганлигини билдирди.
Хозирда ушбу ходимнинг кўрсатмаларини батафсил ўрганиш ва ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида хизмат текшируви олиб борилмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати