11 Май 2021 йил 898

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлаётган “Damas” ва “Lacetti” иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан

Ижтимоий тармоқларда тарқалган, Урганч туманида ҳудудида содир бўлган “Damas” ва “Lacetti” иштирокидаги йўл-транспорт ҳодисаси акс этган видеолавҳа юзасидан тармоқ фойдаланувчилари томонидан турли фикр-мулоҳазалар билдирилмоқда.

Мазкур йўл-транспорт ҳодисаси юзасидан ижтимоий тармоқларда асосланмаган маълумотлар тарқалишини олдини олиш мақсадида қуйидагиларни маълум қиламиз.

Жорий йилнинг 6 май куни соат 15:30ларда Урганч тумани ҳудудидан ўтган 4Р162 автомобиль йўлининг 14-километрида  “Damas” ва “Lacetti” иштирокида аянчли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

Йўл-транспорт ҳодисаси натижасида олган жароҳатлари туфайли “Damas” автомашинаси ҳайдовчиси ва унинг икки нафар йўловчилари вафот этган, шунингдек яна уч нафар йўловчилари турли даражадаги тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Шунингдек  “Lacetti” русумли автомашина ҳайдовчиси ҳам тан жароҳати олганлиги учун шифохонада даволанмоқда.

Хозирда мазкур ҳолат юзасидан Урганч тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, юқоридаги йўл-транспорт ҳодисасининг келиб чиқишига сабаб бўлган шарт-шароит ва бошқа омиллар вилоят ИИБ раҳбарияти ҳамда масъул мутасадди ходимлар томонидан кенг жамоатчилик иштирокида муҳокама қилинди.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech