Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда тарқалган Шовот туманида бир нафар фуқарога ички ишлар органлари ходимлари томонидан куч ишлатиш ҳолати акс этган видеолавҳа юзасидан
2021 йил 4 июль куни ижтимоий тармоқларда Шовот туманида бир нафар фуқарога ички ишлар органлари ходимлари томонидан куч ишлатиш акс этган видеолавҳа тарқалди.
Мазкур видеолавҳада акс этган ҳолат юзасидан Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан хизматга оид суриштирув ишлари бошланди ва дастлабки жараёнда қуйидагиларга аниқлик киритилди.
Жорий йилнинг 4 июль куни “Шовот деҳкон бозори”га жамоат тартибини сақлаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида хизматга тақсимланган профилактика инспектори бозор ҳудудида карантин қоидаларига зид равишда, яъни тиббий ниқоб тақмасдан юрган фуқарони тиббий ниқоб тақиш тўғрисида огоҳлантирганида, ушбу фуқаро профилактика инспекторининг расмий огоҳлантиришига нисбатан носамимий муносабатда бўлиб, тиббий ниқоб тақмаслигини билдирган.
Шундан кейин профилактика инспектори ушбу фуқарони шахсига аниқлик киритиш ва унга нисбатан карантин қоидаларига риоя қилмаганлиги учун белгиланган тартибда қонуний чора кўрилишини таъминлаш мақсадида ички ишлар органларининг шу ҳудуддаги ҳуқуқ-тартибот масканига таклиф қилган.
Ушбу фуқаро эса ички ишлар органи ходимининг қонуний талабини бажармасдан, ҳуқуқ-тартибот масканига боришдан бош тортган ҳамда профилактика инспекторининг чақирувига асосан етиб келган бошқа ходимларга ҳам ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатган. Оқибатда ушбу фуқарони ҳудудий ҳуқуқ-тартибот масканига келтириш ички ишлар органлари ходимлари томонидан мажбурий тартибда амалга оширилган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ички ишлар органлари ходимлари томонидан мажбурий келтириш пайтида ушбу фуқарога бирон-бир тарзда жароҳат етказилмаган. Ҳуқуқ-тартибот масканидаги расмийлаштириш жараёнлари ходимлар томонидан видеотасвирга олинган.
Азиз юртдошлар, шу ўринда Сизлардан яна бир бор коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин қоидаларига қатъий риоя қилишингизни сўраймиз, бу билан аввало ўзингиз ва яқинларингиз соғлигини асраган бўласиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати