Расмий муносабат: Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати таниқлик белгиси билан жиҳозланган автомобил ҳайдовчисининг йўл ҳаракати қоидаларини бузганлиги билан боғлиқ видеолавҳа юзасидан
Жорий йилнинг 23 декабрь куни ижтимоий тармоқларда Хоразм вилоятида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг таниқлик белгилари билан жихозланган “Кобальт” русумли 90 532 VSF давлат рақам белгили автомашина транспорт воситаларининг ҳаракат бир томонлама ташкил этилган йўлда, қарама-қарши йўналиш бўйлаб ҳаракатланиб бораётганлиги акс этган видеолавҳа тарқалди.
Мазкур видеолавҳа Хоразм виялоти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш якунига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз:
Видеолавҳада қоидабузарлиги акс этган “Кобальт” русумли 90 532 VSF давлат рақам белгили махсус автомобиль Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимига хизматда фойдаланиш учун бириктирилган бўлиб, ушбу ходим транспорт воситаларининг бир томонлама ҳаракатланиши белгиланган Урганч шаҳрининг Нукус кўчасига 23 декабрь куни “Йўл ҳаракати қоидалари” билан тасдиқланган 3.1 (Кириш тақиқланади) белгисига риоя қилмасдан транспорт воситасида кирган.
Шу боис ушбу махсус автомобиль ҳайдовчисига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 128-моддаси 1-қисмига (Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги) биноан маъмурий баённома расмийлаштирилди ҳамда белгиланган жарима жазосининг ундирилиши таъминланди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати