25 Июн 2021 йил 644

Расмий муносабат: Telegram мессенжеридаги “Қонун доирасида” деб номланган саҳифада “Хоразм вилоят ИИБда матбуот хизмати йўқми дейман” номи остида жойлаштирилган пост юзасидан

2021 йил 24 июнь куни  Telegram мессенжеридаги “Қонун доирасида” деб номланган саҳифада “Хоразм вилоят ИИБда матбуот хизмати йўқми дейман” номи остида пост жойлаштирилган бўлиб, унда

"Қонун Доирасида" ОАВ оммага ёритиб берган холатлар:

1-видео Гурлан тумани (https://youtu.be/ZtLw69wFswo)

2-видео Урганч шахар Боғча  (https://youtu.be/8k08sbRspJ0)

3-видео Урганч шахар Қабристон  (https://youtu.be/8UVHNZFjsA4)

"Қонун доирасида" ОАВ ушбу видеолардаги холатларни батафсил ўрганиб, холатлар юзасидан суриштирув ўтказиб, қисқа муддатлар ичида бўлган воқеаларни оммага ёритиб берганлигини, бироқ, Хоразм вилоят ИИБ ва унинг бўлимлари орадан бир ойдан кўп вақт ўтган бўлишига қарамасдан бугунги кунгача ўзининг расмий муносабатини бермаганлиги кўрсатиб ўтилиб, бунга сабаб нима? Хоразм вилоят ИИБда матбуот хизмати йўқми? деб сўралган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати ҳуқуқшунос-блогер Фурқат Рўзметов раҳбарлик қилиб келаётган "Қонун доирасида" номи остида Telegram мессенжери ва You Tube видеохостингида жойлаштириб келинаётган ҳар бир пост ва влогларни доимий кузатиб келади ҳамда тегишлилиги бўйича ўрганиб чиқилишини таъминлаб келмоқда.

Айнан юқоридаги постда келтириб ўтилган ҳолатлар юзасидан эса қуйидагиларни маълум қиламиз:

1)                2021 йил 12 май куни  You Tube видеохостингидаги "Қонун доирасида" каналида “Вахшийларча калтаклашган. ИИБ эса жим” номи остида жойлаштирилган видеолавҳада келтириб ўтилган ҳолат Гурлан тумани ИИБ томонидан 2 май куни (лавҳа эълон қилинишидан 10 кун олдин) қайд этилиб, Жиноят кодексининг 109-моддаси 2-қисми қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари якунланиб, жиноят иши мазмунан кўриб чиқишлик учун судга юборилган.

2)                2021 йил 6 июнь куни You Tube видеохостингидаги "Қонун доирасида" каналида “Суриштирув қайтадан бошланди” номи остида жойлаштирилган видеолавҳада келтириб ўтилган ҳолат юзасидан Урганч шаҳар ИИБ томонидан олиб борилган суриштирув якуни бўйича қабул қилинган қарор  бевосита лавҳада айтиб ўтилган. Қарордан норози томон юқори турувчи органга белгиланган тартибда шикоят қилиши мумкинлиги ҳам тушунтирилган.

3)                2021 йил 7 июнь куни You Tube видеохостингидаги "Қонун доирасида" каналида “Қабристонда суриштирув бошланди” номи остида жойлаштирилган видеолавҳага тўхталадиган бўлсак, бевосита Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизматининг ҳамкорлиги натижасида ҳолат юзасидан суриштирув олиб бораётган профилактика инспектори билан интервью ташкил этилган.

          Шу ўринда, блогер ва журналистлардан жиноят ва ҳодисалар юзасидан олиб борилаётган суриштирув, тергов ва суд жараёнларини ижтимоий тармоқлар ва оммавий ахборот воситаларида ёритишда қонун ҳужжатларига қатъий риоя қилишларини, фуқароларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга бўлган ишончига асоссиз путур етказишга ҳаракат қилмасликларини, шунингдек ахборотларни тарқатишда холислик принципидан келиб чиқиб, ўзининг шахсий қараш ва ички туйғуларини эмоционал тарзда билдирмасликларини сўраймиз.

Ваҳоланки, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонуннинг 6-моддасида “Прокурор, терговчи ёки суриштирувчининг ёзма рухсатисиз суриштирув ёки дастлабки тергов материалларини эълон қилиш, муайян иш бўйича суд қарори чиқмасдан туриб ёки суднинг қарори кучга кирмай туриб, унинг натижаларини тахмин қилиш ёхуд судга бошқача йўл билан таъсир кўрсатиш тақиқланади” деб белгиланган бўлса, “Ички ишлар органлари тўғрисида” қонуннинг 34-моддасида “Ички ишлар органи ходими давлат органи вакили сифатида иш юритади ва давлат ҳимояси остида бўлади. Ички ишлар органи ходими хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида фақат бевосита ёки тўғридан-тўғри бошлиққа бўйсунади. Қонун билан ваколат берилган шахслардан ташқари ҳеч ким ички ишлар органи ходимининг қонуний фаолиятига аралашиш, ички ишлар органи ходимини қонун билан ички ишлар органлари зиммасига юклатилмаган мажбуриятларни бажаришга мажбурлаш ҳуқуқига эга эмас. Қонунга зидлиги аниқ бўлган буйруқ ёки фармойиш олганда ички ишлар органи ходими уни бажаришни рад этиш ҳуқуқига эга ва қонунга амал қилиши шарт. Ички ишлар органи ходими ўз иш юритувида бўлган ишлар ва материалларнинг моҳияти ҳақида бирор-бир тушунтириш беришга, шунингдек бундай ишлар ва материалларни, шу жумладан фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор ишлар ҳамда материалларни танишиб чиқиш учун қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан бошқача тарзда тақдим этишга мажбур эмас” қайд этиб ўтилган.

Энди бевосита Telegram мессенжеридаги “Қонун доирасида”  саҳифасида “Хоразм вилоят ИИБда матбуот хизмати йўқми дейман” деган мазмундаги саволга қайтадиган бўлсак, Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизматининг блогер ва ОАВ вакиллари билан ҳамкорлигини мисол тариқасида You Tube видеостингида "Қонун доирасида" каналида жойлаштирилган видеолавҳада қуйидаги линк https://youtu.be/NJ-bn828XoI орқали ёки унга ҳамкор канал ҳисобланувчи “Yangicha TV” га жойлаштирилган видеолавҳада эса қуйидаги линк орқали https://youtu.be/lg2dE_wFabI кириб кўриб танишишингиз мумкин.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech