Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “Бирданига иккита қоидабузарликка ёзадиган ГАИ” номи остида тарқалган видеолавҳа юзасидан
Жорий йилнинг 19 июль куни You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида “Бирдагина иккита қоидабузарликка ёзадиган ГАИ” номи остида тарқалган видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва қуйидагиларга аниқлик киритилди.
Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган фуқаро Ж.М. жорий йилнинг 3 апрель куни Урганч тумани ҳудудидан ўтган 4Р168 автомобиль йўлида “Matiz” русумли автомобилини бошқариб бораётиб, ҳаракатланишда устунликка эга бўлган айланма ҳаракатдаги транспорт воситасига йўл бермаганлиги сабабли шу ҳудудда хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан тўхтатилган. Шунингдек ЙПҲ инспектори ҳайдовчи транспорт воситасини бошқариш пайтида хавфсизлик камарини тақмасдан келганлигини ҳам визуал тартибда аниқлаган.
ЙПХ инспектори томонидан ҳайдовчига содир қилган қоидабузарлиги батафсил тушунтирилган бўлсада, ҳайдовчи ўзининг блогер эканлигини таъкидлаб, инспектор билан мулоқотини видеотасвирга олиб, уни ўз хизмат вазифасини бажаришдан воз кечишига ундамоқчи бўлган.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ЙПХ инспектори ҳайдовчига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштиришда унинг иккита қоидабузарлигини ҳам қайд этганлиги низом талабига тўлиқ мос келади.
Ҳайдовчининг ЙПХ инспектори томонидан тузилган баённомани бекор қилиш тўғрисидаги мурожаати Хонқа тумани прокуратураси ва Жиноят ишлари бўйича Хонқа тумани суди томонидан кўриб чиқилиб, қаноатлантирилмасдан рад этилган ва баённома асосли равишда тузилган деб топилиб, 122 500 сўм жарима жазоси тайинланган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати