20 Июл 2021 йил 463

Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида  “Юк ўлчовчи тарози, ГАИлар ҳайдовчиниям оғирлигини қўшди” номи остида тарқалган видеолавҳа юзасидан

You Tube видеохостингидаги “Баходир брат” каналида  “Юк ўлчовчи тарози, ГАИлар ҳайдовчиниям оғирлигини қўшди” номи остида тарқалган видеолавҳа ҳудудий жиҳатдан тегишлилиги боис Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди ва қуйидагиларга аниқлик киритилди.

Жорий йилнинг 17 июль куни ўзига тегишли Газ-5327Б русумли юк автомобилига белгиланганидан ортиқ юк ортиб келаётган ҳайдовчи, 1996 йилда туғилган, Э.А. Урганч шаҳрининг Саноатчилар кўчасида хизмат вазифасини бажараётган ЙПХ инспектори томонидан тўхталиб, қоидабузарлиги тушунтирилган. Ҳайдовчи йўл ҳаракати қоидаларини бузиш билан боғлиқ қоидабузарлиги учун маъмурий баённома расмийлаштиришга киришган ЙПХ инспекторининг ўз хизмат вазифасини бажаришидан воз кечишига эришиш мақсадида хатти-ҳаракатларини уяли телефони орқали видеотасвирга олиб, саволга тутишни бошлаган.

Шундай бўлсада ЙПХ инспектори ҳайдовчига нисбатан белгиланган тартибда маъмурий баённома расмийлаштирган ва бу жараёнда хизмат интизоми ҳамда қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўймаган.

Юқоридагилардан ташқари Газ-5327Б-русумли транспорт воситаси техник тавсифномасига кўра юксиз вазни 3.250 кг эканлиги,  юк ортилганда ҳақиқий вазни эса 7.400 кг дан ортиши мумкин эмаслигини, шунингдек амалдаги “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг 6-бандида “Ҳақиқий вазн - транспорт воситасининг юки, ҳайдовчи ва йўловчилари билан биргаликдаги вазни” деб кўрсатилганлигини маълумот тариқасида эслатиб ўтамиз.

 

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech