28 Апрел 2021 йил 698

Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги каналда “Хивада катта жанжал бунга ким жавоб беради” номли сарлавҳа остида намойиш этилган видеолавҳа юзасидан

2021 йил 25 апрель куни You Tube видеохостингидаги каналда “Хивада катта жанжал бунга ким жавоб беради” номли сарлавҳа остида видеолавҳа жойлаштирилган.

Мазкур видеолавҳада Хоразм вилояти ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспектори ва фуқаро ўртасидаги мулоқот жараёни акс этганлиги сабабли, ҳолат вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилиб, қуйидагиларга аниқлик киритилди:

“Ичан қалъа” музей қўриқхонаси ЮНЕСКО томонидан умумжахон маданий мероси рўйхатига киритилган ва давлат муҳофазасига олинган бўлиб, мазкур мажмуани асл ҳолатида сақлаш мақсадида аниқ йўналтирилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 13 августда “Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5781-сон Фармони қабул қилинган бўлиб, мазкур Фармоннинг 2-бандида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган рўйхат бўйича моддий маданий мерос объектлари ҳудудларига 5 тоннадан юқори вазнга эга катта ҳажмли транспорт воситаларининг киришига чеклов қўйилади” деб кўрсатиб ўтилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” музей-қўриқхонасининг кириш жойларига “Йўл ҳаракати қоидалари” билан тасдиқланган 3.11 (Вазн чекланган) йўл белгиси ўрнатилган.

Хива шаҳрида яшовчи фуқаро Р.Матчанов “Ичан қалъа” музей қўриқхонаси ички қисмида қурилиш ишларини амалга ошириш мақсадида 2021 йилнинг 25 апрель куни соат 18:30 ларда ҳайдовчи Х.Бобожонов бошқарувидаги ММЗ-4502 русумли юк автомобилига ортилган ҳом ғиштни музей қўриқхона қисмига олиб кирмоқчи бўлганида, уларни шу ерда хизмат олиб бораётган профилактика инспектори тўхтатиб, юк автомобилининг техник характеристикасини ўрганиш учун яқин орада хизмат олиб бораётган ЙПХ инспекторига хабар берган.

Чақирув асосида етиб келган ЙПХ инспектори юк автомашинасининг техник қайд этиш гувоҳномасини ўрганиб, мазкур автомобиль юксиз ҳолда 5240 кг, юк билан тўла вазни 10 500 кг эканлигини билдириб, автомашинани “Ичан қалъа” музей қўриқхонасининг ичкари қисмига кириши мумкин эмаслигини билдирган.

Шундай бўлсада фуқаро Р.Матчанов мазкур ҳолатда ЙПХ инспектори томонидан берилган тушунтиришларга қарамасдан ҳолатни блогер орқали видеотасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирган.

Мазкур ҳолатда ЙПХ инспектори ва профилактика инспектори томонидан хизмат интизоми ва қонунбузилиш ҳолатлари содир этилмаган.

Мамлакатимизда, шу билан биргаликда дунё ҳамжамияти томонидан “очиқ осмон остидаги музей” дея эътироф этилган Хива шаҳридаги “Ичан қалъа” музей қўриқхонасини кўз қорачиғидан асраб-авайлаш, келажак авлодга баталофат етказиш барчамизнинг конституцион бурчимизку.

Шундай экан ижтимоий тармоқ фаолларидан “Ичан қалъа” музей-қўриқхонасини ҳимоя қилишга ҳаракат қилаётганларга қарши эмас, аксинча унга турли кўринишда дахл қилаётган шахсларнинг хатти-ҳаракатларига қарши туришларини тавсия қилардик.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати         

Text to speech