6 Декабр 2020 йил 670

Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда “Ҳазорасп туманида Гаи ходими томонидан ҳайдовчига нисбатан куч ишлатилди-ми?” номли сарлавҳа остида тарқалган видеолавҳа юзасидан

Жорий йилнинг 6 декабрь куни ижтимоий тармоқларда ЙПХ инспектори ва Транспорт бошқармаси ходимининг бир нафар шахсни мажбурий тартибда ЙПХ инспекторининг хизмат автомашинасига ўтирғизишга уринаётгани акс этган видеолавҳа тарқалган.

Ушбу видеолавҳада ҳолат иштирокчиларининг ўзаро мулоқоти эшитилмаган бўлсада, видеотасвирга олаётган шахс ЙПХ инспектори ҳайдовчига нисбатан куч ишлатаётгани ва хизмат автомашинасининг давлат рақам белгиси 210 экани, жараён Ҳазорасп туманида содир бўлганлигини айтиб ўтган.

Мазкур ҳолатни Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиш натижасида қуйидагиларга аниқлик киритилди:

2020 йил 6 декабрь куни Ҳазорасп туманида лицензиясиз йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланиб келаётган ҳайдовчиларни аниқлаш мақсадида Йўл ҳаракати хавфсизлиги ва Транспорт бошқармалари томонидан қўшма рейд ўтказилган.

Шу куни соат 11:20 ларда туманнинг “Овшар” қишлоғи ҳудудидан ўтган 4Р156 автомобиль йўлининг 55-километрида хизмат олиб бораётган ЙПХ инспектори томонидан 90 Т 275 LA давлат рақам белгили автомашина тўхтатилиб, ҳайдовчидан автомашина бошқариш ва йўловчи ташиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатларни тақдим этиш сўралганида, ҳайдовчи ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун назарда тутилган жавобгарликдан қутилиб қолиш мақсадида, ЙПХ инспекторининг қонуний талабини бажаришдан асоссиз бўйин товлаб, бирон-бир ҳужжатини тақдим қилмаган.

Шундан кейин ЙПХ инспектори ва Транспорт бошқармаси масъул ходими томонидан ҳайдовчининг шахсига аниқлик киритиш мақсадида ҳудудий ички ишлар органига бориш таклиф этилганида, ҳайдовчи у ерга боришдан ҳам қасддан бўйин товлаган.

ЙПХ инспектори ҳайдовчи томонидан содир этилаётган ҳуқуқбузарлик ҳолатларига чек қўйиш ва унга нисбатан қонуний чора кўрилишини таъминлаш мақсадида ҳайдовчига нисбатан куч ишлатган.

Ўзбекистон Республикасининг 16.09.2016 йилдаги “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонунини “Жисмоний куч ишлатиш” деб номланган 22-моддасида “Агар куч ишлатилмайдиган усуллар ички ишлар органи ходимининг зиммасига юклатилган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминламаса, у қуйидаги ҳолларда шахсан ўзи ёки бўлинма (гуруҳ) таркибида жисмоний куч ишлатиш, шу жумладан курашнинг жанг усулларини қўллаш ҳуқуқига эга бўлади:

жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;

жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;

ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун” деб кўрсатиб ўтилган.

ЙПХ инспектори томонидан мажбурий тартибда ҳудудий ички ишлар органига олиб борилган ушбу ҳайдовчига нисбатан ҳуқуқбузарликлари юзасидан тегишли тартибда маъмурий баённома расмийлаштирилган ва унинг ҳуқуқбузарлигига чек қўйилган. Жисмоний куч ишлатиш натижасида ҳайдовчига нисбатан бирон-бир даражада тан жароҳати етказилмаган. Шунингдек ЙПХ инспектори ва Транспорт бошқармаси масъул ходими томонидан хизмат интизоми ва қонунбузилиш ҳолатлари йўл қўйилмаган.

Шу ўринда юртдошларимизга юқоридаги каби ҳолатларни чеккадан туриб тасвирга олиш билан кифояланиб қолмасдан, жиноят ва ҳуқуқбузарликларни олдини олиш ва унга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга яқиндан ёрдам беришларини тавсия қилган бўлардик, зеро Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 121-моддасида “Қонунийлик ва ҳуқуқий тартиботни, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга жамоат ташкилотлари ва фуқаролар ёрдам кўрсатишлари мумкин” деб белгилаб қўйилган.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech