Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда тарқалган Боғот туманининг Оқтепа маҳалласида ИИБ ходимлари ва фуқаролар ўртасидаги тортишув акс этган видеолавҳа юзасидан
2022 йил 26 июль куни ижтимоий тармоқларда Боғот тумани Оқтепа маҳалласи ҳудудида бир гуруҳ фуқаролар ва ички ишлар органлари ходимлари ўртасидаги тортишувли мулоқот жараёни акс этган видеолавҳа тарқалди.
Ушбу видеолавҳа Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганилганида қуйидагиларга аниқлик киритилди:
2022 йил 25 июль куни соат 23:30 лар атрофида Боғот тумани марказидаги истироҳат боғи атрофида ўз хизмат фаолиятини олиб бораётган вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХ инспекторлари автомобиль йўлининг қатнов қисмида пиёда юриб бораётган шахсни тўхтатиб, унга йўлнинг қатнов қисмидан ҳаракатланиш хавфли эканлигини ҳамда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига ҳалақит қилмаслигини тушунтираётганларида пиёданинг шу ердаги дўконда сотувчи бўлиб ишловчи укаси мулоқотга аралашиб, пиёда унинг акаси эканлигини, у маст ҳолда бўлсада транспорт бошқармаётганлигини рўкач қилиб, акасига нисбатан чора кўрмасликни сўраган.
ЙПХ инспекторлари ва дўкон сотувчиси ўртасидаги мулоқотни шу ердаги бошқа бир неча фуқаролар кузатиб турганлиги сабабли ушбу ҳудуддан ўтиб бораётган туман ИИБ тергов-тезкор гуруҳи аъзолари ҳам шу жойда тўхтаган.
Шундан кейин гуруҳ аъзолари фуқароларни жамоат тартибига қатъий риоя қилиш тўғрисида огоҳлантириб, тарқатиб юборган.
Мазкур жараёнда ички ишлар органлари ходимлари томонидан хизмат интизоми ва қонунбузилиш холатларига йўл қўйилмаган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати