Расмий муносабат: Ижтимоий тармоқларда тарқалган икки аёлнинг ўзаро уришаётгани акс этган видеолавҳа юзасидан
2020 йил 17 июнь куни ижтимоий тармоқларда икки аёлнинг ўзаро жанжаллашаётгани акс этган видеолавҳа тарқатилган бўлиб, ҳолат иштирокчилари Хоразм вилоятида яшовчи фуқаролар бўлганлиги сабабли, видеолавҳа вилоят ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилди.
Ўрганиш натижасида қуйидагиларга аниқлик киритилди:
Ушбу видеолавҳада Урганч шаҳрида, бир маҳаллада яшовчи, 1978 йилда туғилган З.М. ва 1973 йилда туғилган Р.Қ лар ўрталарида олдиндан мавжуд бўлган маиший муаммо сабабли 2020 йил 12 июнь куни келиб чиққан жанжал акс этган. Қўшни аёллар ўртасидаги жанжалга З.М. нинг ўғли ҳам аралашган.
Мазкур ҳолат томонларнинг аризасига асосан шу куннинг ўзида ҳудудий ички ишлар бўлимида қайд қилинган бўлиб, белгиланган тартибда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Жанжал иштирокчиларига нисбатан суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Юқоридагилардан ташқари яна шуни таъкидлаш керакки, ушбу қўшниларни ўзаро муросага келтириш, уларни аҳил-иноқ бўлиб яшашларини таъминлаш мақсадида, маҳалла фуқаролар йиғини ва ички ишлар органлари масъул ходимлари томонидан бир неча бор муҳокама йиғилиши ўтказилиб, ҳар иккала хонадонга ҳам маҳалла фаолларидан мураббий бириктирилган.
Шу ўринда айрим фуқароларимиздан инсонлар ўртасидаги жанжал ва низоли ҳолатларни тасвирга олиб ижтимоий тармоқларда тарқатиш ўрнига, аксинча низони олдини олиш ва бартараф этишга қаратилган хатти-ҳаракатларни амалга оширишларини сўраб қоламиз.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати