Расмий муносабат: Профилактика инспекторига тегишли эканлиги айтилган автомашинага маёқча ўрнатилганига оид ижтимоий тармоқларда тарқатилган фотосурат юзасидан
2020 йил 6 июль куни ижтимоий тармоқларга 90 Е 680 КА давлат рақам белгили “Матиз” русумли автомашина фотосурати жойлаштирилган бўлиб, ушбу автомашина Хоразм вилояти Боғот тумани ИИБ профилактика инспекторига эга эканлиги билдирилиб, автомашина техник регламентига зид равишда қўшимча ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча билан жихозланганлигига эътибор қаратилган ҳамда бу юзасидан тушунтириш сўралган.
Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан амалга оширилган ўрганиш натижаларига кўра мазкур фотосурат ва у тўғрисидаги сўров юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Сўнгги йилларда мамлакатимизда тинчлик-осойишталикни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида ички ишлар органларида бир қатор туб ислоҳотлар амалга оширилаётганлиги ҳеч кимга сир эмас.
Жумладан, ички ишлар органларининг профилактика (катта) инспекторлари ўз хизмат ҳудудида хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида енгил автомашина билан таъминланди. Ижтимоий тармоқда намойиш этилган фотосуратдаги 90 Е 680 КА давлат рақам белгили “Матиз” русумли автомашина ҳақиқатан ҳам Боғот тумани ИИБ Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими профилактика инспекторига тегишлидир ва у ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча билан жиҳозланган.
Лекин шу ўринда ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан эътиборларини қуйидагиларга қаратишларини сўраймиз. Бугунги кунда ички ишлар органларининг профилактика инспекторларини хизмат автомашинаси билан таъминлаш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, уларга ўзларининг шахсий автомобилларидан хизмат фаолиятида фойдаланиш тавсия этилган. Бунда профилактика инспекторларига хизмат вақтида бўлган пайтларида ўз хизмат ҳудудларида айниқса тунги пайтда патруллик қилиш жараёнида ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчалардан фойдаланишга рухсат берилган. Бу амалиёт эса жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар самарадорлигини янада оширмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ички ишлар органларининг профилактика инспекторлари транспорт воситасини бошқариш вақтида ялт-ялт этувчи чироқ-маёқчадан фойдаланганда “Йўл ҳаракати қоидалари”да қайд этилган имтиёзларга эга бўлмайдилар.
Юқоридагиларни инобатга олиб, профилактика инспекторлари томонидан шахсий автомобилларига ялт-ялт этувчи чироқ-маёқча ўрнатиш ва ундан хизмат пайтида (тунги пайтларда) фойдаланишлари мақсадга мувофиқдир.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати