3 Сентябр 2020 йил 959

Расмий муносабат: Шовот туманида қимор ўйинида иштирок этган фуқароларнинг ўзларини ушлаш вақтида тан жароҳати етказишганлиги тўғрисида қилган видеомурожаати юзасидан

2020 йил 2 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Шовот туманида фош этилган қимор ўйинларида иштирок этган фуқаролар ўзларини ушлаш пайтида тан жароҳати етказган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига нисбатан қонуний чора кўришликни сўраган видеомурожаати тарқалди.

Видеолавҳада 2020 йилнинг 26 август куни Хоразм вилоятининг Шовот туманида ташкил этилган қиморхонани фош этиш вақтида ижтимоий хавфли  қилмишларига чек қўйилган бир гуруҳ фуқаролар томонидан мурожаат йўлланганлиги сабабли, ҳолат юзасидан Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари суриштирув ишларини олиб бормоқда.

Суриштирувнинг дастлабки босқичида қуйидагиларни маълум бўлди:

2020 йил 26 август куни Шовот тумани Ички ишлар бўлимига туманнинг “Роят” маҳалласида яшовчи фуқаро маҳалладоши Ж.Ҳакимовнинг хонадонида шубҳали шахслар йиғилганлиги тўғрисида хабар берган.

Шу боис ушбу фуқароларнинг нима сабабдан тунги пайтда шубҳали тарзда йиғилганликларига аниқлик киритиш мақсадида, ички ишлар органлари ходимлари томонидан тадбир ўтказилган.

Ўтказилган тадбир жараёнида,  видеолавҳада ўзларини жабрланувчи деб таништираётган, фуқаро Ж.Ҳакимовнинг уйида қонунга зид равишда  қимор ўйинини ташкил этиб, йирик миқдорда пул тиккан ҳолда, қимор ўйинларида иштирок этаётган жами 21 нафар шахслар ушланган. Улардан қиморга тикилган 43 миллион сўмдан ортиқ қийматдаги пуллар, бир нечта пачкада ўйин карталари ва совуқ қуроллар (пичоқлар) ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.

Айни кунда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қиморбозларни қўлга олиш жараёнида улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига қаршилик кўрсатиб, ҳодиса жойидан қочишга уринганлар, фақатгина  ходимлар томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида бунинг олди олинган.

Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш Жиноят кодексига асосан жиноят, яъни ижтимоий хавфли қилмиш деб ҳисобланса, бир хонанинг ичида 21 нафар шахснинг ўйин карталари ва нақд пулларни қўлдан-қўлга ўтказиб ўтиришлари коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш мақсадида жорий этилган карантин қоидаларига ҳам мутлақо тўғри келмайди.

Қилмишига чек қўйилган шахсларнинг икки нафари жорий йилнинг 3 июль куни Хива туманида ўтказилган тадбир натижасида фош этилган қимор ўйинида ҳам иштирок этган.

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 39-моддасида “Ижтимоий хавфли қилмиш содир этган шахсни ҳокимият органларига топшириш мақсадида ушлаш вақтида унга зарар етказиш, агар уни ушлаш учун зарур бўлган чораларнинг чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди.  Ижтимоий хавфли қилмишни содир этган шахсни ушлаш вақтида унга етказилган зарарнинг қонунийлигини баҳолашда, қилмишни содир этган шахснинг ушланишдан қочиш мақсадида қилган ҳаракатлари, ушловчининг кучи ва имкониятлари, руҳий ҳолати ва ушлаш билан боғлиқ бошқа ҳолатлар ҳисобга олинади” деб кўрсатилган.

Шубҳали, шу билан биргаликда совуқ қуроллар билан қуролланган 20 нафардан ортиқ шахсларни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 10 нафар ходими томонидан қўлга олинишида келиб чиқиши мумкин бўлган вазиятларга юқорида айтиб ўтилган суриштирув жараёнида батафсил ва ҳолисона ҳуқуқий баҳо берилади албатта.

Шу сабабли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан мазкур ҳолат юзасидан асосланмаган фикрларни билдирмасликларини сўраб қоламиз.

Суриштирув якунлари бўйича қўшимча ахборот берилади.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech