Расмий муносабат: Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро З.Маматризаеванинг ижтимоий тармоқлар орқали қилган видеомурожаати юзасидан
2020 йил 11 июнь куни Урганч шаҳрида яшовчи фуқаро Зебо Маматризаеванинг ижтимоий тармоқларда “Фарзандимни ўлдириш учун суиқасд қилишди, илтимос ёрдам беринг” деб номланган видеомурожаати эълон қилинди.
Мазкур видеомурожаат Хоразм вилояти ИИБ масъул ходимлари томонидан ўрганиб чиқилганда қуйидагилар маълум бўлди:
Фуқаро З.Маматризаева бир маҳаллада яшовчи қўшнилари билан маиший муаммолар туфайли доимий равишда ўзаро келишмовчиликда бўлиб келган.
Жумладан, қўшниси Р.Қодирова ва унинг ўғли Қ.Қодиров билан ҳам ўрталарида низоли ҳолатлар келиб чиққан.
Хусусан, З.Маматризаева видеомурожаатида келтириб ўтган ҳолат юзасидан 2019 йил октябрь ойида ҳудудий ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган бўлиб, олиб борилган суриштирув ва тергов жараёнларида суд-тиббий экспертиза хулосасига асосан, унинг аризасида кўрсатилган ҳолатлар ўз тасдиғини топмаган.
Видеомурожаат ижтимоий тармоқларда эълон қилинганидан кейин З.Маматризаева ва унинг қўшниси Р.Қодировалар ўртасидаги ўзаро муносабатлари шу маҳалла фаоллари ва ички ишлар органларининг масъул ходимлари иштирокида яна бир бор атрофлича ўрганилиб, муҳокама қилинди.
Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, муҳокама жараёнида фуқаро З.Маматризаева ўзини носамимий тутиб, томонларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олмаслигини айтиб ўтган.
Хозирги кунда З.Маматризаева ва Р.Қодироваларни ўзаро тинч-тотув яшашларини таъминлаш учун уларга шу маҳалла фуқаролар йиғини раиси ва унинг оила, хотин-қизлар ва ижтимоий-маънавий масалалар бўйича ўринбосари мураббий этиб бириктирилган.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати