Расмий муносабат: You Tube видеохостингидаги “Реал ҳаёт” каналида эълон қилинган собиқ профилактика инспектори С.Қазақовнинг видеомурожаати юзасидан
2020 йил 7 декабрь куни You Tube видеохостингидаги “Реал ҳаёт” каналида Хоразм вилояти ички ишлар органларининг собиқ профилактика инспектори Сардор Қазақовнинг видеомурожаати эълон қилинган.
Ички ишлар органларининг собиқ ходими С.Қазақов ўзининг мазкур видеомурожаатида ички ишлар органлари сафидан асоссиз бўшатилганлиги, шунингдек тизимда ходимларни, жумладан профилактика инспекторларини ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш лозим даражада таъминланмаётганлиги тўғрисида сўз юритган.
Собиқ ходим С.Қазақовнинг мурожаати юзасидан қуйидагиларни маълум қиламиз:
Ички ишлар органлари хизматига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ихтиёрий равишда, шу билан биргаликда белгиланган танлов асосида қабул қилинадилар.
Ички ишлар органлари ходимларнинг хизмат фаолияти Ўзбекистон Республикасининг 16.09.2016 йилдаги “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги Қонуни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид Фармон, Қарор ва Фармойишлари билан тартибга солинади.
Ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ички ишлар органлари ходимларнинг хизмат фаолияти, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шу билан биргаликда ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш тартиби белгилаб берилган бўлиб, амалда ижроси таъминлаб келинмоқда.
Собиқ ходим С.Қазақовнинг профилактика инспекторлари ўз хизмат вазифасига кирмайдиган, яъни пахта ва буғдой йиғим-терими билан боғлиқ ишларга жалб қилиниши тўғрисидаги сўзларига жавобан профилактика инспектори ўз хизмат ҳудудидаги ҳар қандай оммавий тадбирлар, жумладан стратегик хом-ашёларни етиштириш ва нес-нобуд қилмасдан йиғиштириб олиш жараёнларида жамоат тартибини сақлаш, шунингдек турли кўринишдаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга масъул ҳисобланишини эслатиб ўтамиз.
Хизмат ҳудудидан хизмат уйи ва имтиёзли кредит асосида шахсий автомашиналар ажратилганлиги, хизматда юқори кўрсаткичларга эришган инспекторларни ҳар ой якунида моддий рағбатлантирилиши, Вазирлик тасарруфидаги олий таълим муассасаларида алоҳида қабул квоталарининг белгиланганлиги сўнгги йилларда профилактика инспекторларининг ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлардан айримларидир.
Хусусан С.Қазаковнинг шахсий хислатлари, хизмат фаолиятида йўл қўйган қатор камчиликлари уни ички ишлар органлари хизматидан бўшатишга сабаб бўлган. У фуқаролардан қарз сифатида олган турли миқдордаги маблағларни келишилган вақтда қайтармасдан, нафақат ўзига бўлган ишончга, шу билан биргаликда фуқароларнинг ички ишлар органларига бўлган ишончига ҳам путур етказилишига сабаб бўлган. Бундан ташқари хизмат фаолиятига оид ҳужжатларни расмийлаштиришда қўпол қоидабузарликларга йўл қўйганлиги боис бир неча маротаба интизомий жазоланган.
Уни ички ишлар органлари сафидан бўшатиш тўғрисида аттестация комиссия томонидан қабул қилинган қарордан норози бўлиб ёзган шикоят аризаси раҳбарият томонидан кўриб чиқилиб, комиссия қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ички ишлар органларининг собиқ ходими Сардор Қазақовнинг ушбу мурожаатини пушаймонликнинг бир кўриниши сифатида баҳолаш мақсадга мувофиқдир.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати