Сафимиздаги фидойилар: Хоразм вилояти ИИБ Тиббиёт бўлими шифокори капитан Мурод Ҳайитов
Мурод Ҳаитов 1985 йилда Урганч шаҳрида туғилган. 2009 йил Тошкент тиббиёт институтининг Урганч филиалини тамомлаб, вилоят тиббий кўрик поликлиникасида меҳнат фаолиятини бошлаган. 2014 йилда оториноларингология йўналиши бўйича ординатура курсини тугатган.
Ўтган йиллар давомида вилоят худудидаги соғлиқни сақлаш муассасаларида турли масъул лавозимларда, жумладан, вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими СЭНМ катта эпидемиолог-шифокори вазифасида хизмат қилган. Айни пайтда М. Ҳаитов вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими мутахассислар гуруҳи катта мутахассис-шифокори лавозимида хизмат қилмоқда.
Капитан Мурод Ҳаитов тиббиёт бўлими моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шифокор ва ҳамшираларнинг билим савияси, касбий маҳоратини ошириш, даволаш муассасаларида беморлар учун зарур қулайликларни яратиш, ички ишлар органлари ходимлари, фахрийлар ҳамда уларнинг оила аъзолари саломатлигини муҳофаза қилиш жараёнларида ҳам фаол иштирок этаяпти.
Қахрамонимиз карантин ҳолати жорий қилинганидан буён хорижий мамлакатларда бўлиб қайтган фуқароларни кутиб олиш, назорат тартибида текшириш ҳамда даволаш муассасаларига жойлаштириш тадбирларида ҳам фаол иштирок этди. Айниқса, шундай оғир ва синовли дамларда жамоат тартибини сақлаш, аҳолининг карантин қоидаларига риоя этишини назорат қилувчи ички ишлар органлари ходимларининг саломатлигини асраш ишларига ҳам бош-қош бўлди. Шунингдек, малакали шифокорлардан иборат бўлган махсус гуруҳларнинг шаҳар ва туман ИИБлари ходимлари саломатлигини муҳофаза қилиш жараёнларини ҳам бевосита назорат қилиб борди.
– Бўлимимизда шифокорларнинг касбий маҳоратини ошириш, уларни тиббиёт янгиликларидан хабардор қилиб бориш мақсадида ўқув курслари ташкил қилинган, – дейди вилоят ИИБ Тиббиёт бўлими мутахассислар гуруҳи катта мутахассис-шифокори, капитан Мурод Ҳаитов. – Ушбу тадбирларга тиббиёт соҳасининг энг тажрибали мутахассислари таклиф қилиниб, долзарб мавзуларда ўқув ва амалий машғулотлар олиб борилмоқда. Шунингдек, хорижий мамлакатлардаги ҳамкасбларимизнинг илғор тажрибаларини ўрганиш ҳамда амалиётга кенг жорий этиш мақсадида шифокорларимизни чет элларга малака оширишга юборишни йўлга қўйдик. Бундай ижобий ҳамкорлик тиббиёт соҳасини янада ривожлантиришда муҳим омил бўляпти.
Хизмат вазифасини бажаришда ҳамкасбларига ўрнак бўлаётган капитан М. Ҳаитов бир неча бор бошқарма раҳбарияти томонидан рағбатлантирилган. Шунингдек, у коронавирус пандемиясига қарши курашишдаги фидойи хизмати учун Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига мувофиқ “Mеҳр-саховат” кўкрак нишони билан тақдирланган.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири