22 Декабр 2022 йил 522

Сафимиздаги фидойилар: Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати ходими кичик сержант Фазилат Заргарова

Бугунги кунда аёлларимиз жамиятимизнинг турли соҳаларида сидқидилдан меҳнат қилишмоқда. Улар илғор тадбиркор, тажрибали фермер, моҳир тикувчи, жонкуяр шифокор, меҳрибон ўқитувчи, тенгсиз спортчи... Ҳатто улар эркаклар билан ёнма-ён туриб, юртимиз осойишталигини таъминлашдек машаққатли касбда ҳам шараф билан хизмат қилишяпти. Бундай фидойи аёлларимиз орасида Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати канцелярия бошлиғи, кичик сержант Фазилат Заргарова ҳам бор.    

Урганч қурилиш касб-ҳунар коллежининг ҳуқуқшунослик бўлимини муваффақиятли тамомлаган Фазилат ёшликдаги орзусига эришиш  мақсадида вилоят ички ишлар бошқармаси ҳузуридаги Қўриқлаш бўлимига ишга жойлашди. Касбга бўлган интилиши юз кўзидан яққол сезилиб турган бу қиз икки йил ёлланма ишчи сифатида қўриқлаш пульти оператори вазифасида сидқидилдан хизмат қилди. Ўтган давр мобайнида унинг ички ишлар соҳасига бўлган қизиқиши янада ортди. Хизмат интизомига, мураббийларининг маслаҳатларига қулоқ тутиб, касб сир-асрорларини қунт билан ўрганишга интилди.

Ижобий тавсифнома билан вилоят ИИБ ШТБИХга келган бу қиз синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтгач, Тиббиёт хизмати канцелярия ходими вазифасига хизматга қабул қилинди. Орзуси ушалган Фазилат ўз хизмат вазифасини бажаришга астойдил киришди. Бунда унга истеъфодаги катта сержант Шаҳодат Азимова, манзилгоҳлар бўлими қайд қилувчиси Галина Каримбоева сингари қалби кенг, меҳри дарё устозлари яқиндан ёрдам беришди. Улардан касб сирларини қунт билан ўрганишга ҳаракат қилди. Орадан кўп ўтмай у касбининг тажрибали ходимасига айланди.

-Ҳар бир касбнинг ўзига хос машаққатли ҳамда завқли томонлари бор,-дейди биз билан суҳбатда кичик сержант Фазилат Заргарова.-Буни тўғри англаган кишигина ҳар қандай қийинчиликларга бардош бериб, ўз касбининг фидойисига айланиши мумкин. Анашу ҳалол меҳнат, тинимсиз изланиш уни чинакам бахтли ҳаёт сари етаклайди. Мен ҳам осойишталик посбони бўлишдек шарафли касбни танлаганимдан жуда бахтиёрман.

Мана 20 йилдирки, ички ишлар органларида сидқидилдан хизмат қилаётган кичик сержант Фазилат Заргарова ўз бахтини меҳнатда топди. Касбга бўлган садоқати туфайли ҳамкасблари ўртасида ҳурмат эътибор қозонди. 

-Юрт осойишталигини таъминлаш вазифаси нақадар машаққатли бўлмасин бу соҳада кўплаб аёлларимиз сидқидилдан хизмат қилишяпти,-дейди вилоят ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари, подполковник Дилноза Боғибекова.-Кичик сержант Фазилат Заргарова ҳам ана шундай меҳнатсевар ходималаримиздан бири. У ўзининг тиришқоқлиги, масъулиятни ҳис қила билиши, топшириқларни ўз вақтида аниқ ва пухта бажариши ҳамда жамоат ишларидаги фаоллиги билан ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келмоқда.

Хизмат бурчини бажаришдаги фидойилиги, касбга бўлган садоқати туфайли кичик сержант Фазилат Заргарова Ички ишлар вазирлиги ҳамда вилоят ИИБ раҳбарияти томонидан бир неча бор муносиб тарзда рағбатлантирилган.

 

                                                                        Худойберган ЖАББОРОВ,

                                                                               “Postda” мухбири.

Text to speech