Сайёҳлар хавфсизлиги таъминланмоқда
Хоразм вилояти ИИБ Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари юртимизга ташриф буюраётган сайёҳларнинг хавфсизлигини таъминлаш, улар билан боғлиқ бўлган жиноят ҳамда ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш бўйича бир қатор профилактик тадбирларни амалга оширишмоқда.
-Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоятимизга 17 минг 500 нафар хорижий, 197 мингдан зиёд маҳаллий сайёҳлар ташриф буюришди,-дейди вилоят ИИБ ХТТБ бошлиғининг ўринбосари, подполковник Марат Худойберганов.-Ходимларимиз томонидан сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида маҳаллаларда, корхона ва ташкилотларда 1974 маротаба турли йўналишда профилактик тадбирлар ўтказилди ҳамда 186 маротаба оммавий ахборот воситаларида хавфсиз туризм билан боғлиқ мавзуларда чиқишлар қилинди.
Сўнгги пайтларда вилоят ҳудудида халқаро кўргазма ва ярмаркалар, кўплаб илмий-амалий конференциялар, турли сайллар, фестиваллар, байрам кечалари ўтказилиши анъанага айланиб бормоқда. Ушбу тадбирларда вилоятимизга ташриф буюрган чет эллик ҳамда маҳаллий сайёҳлар ҳам иштирок этишяпти. Тадбирларнинг тинч ва осойишта ўтишида вилоят ИИБнинг барча соҳавий хизматлари, шу жумладан, Хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ходимлари ҳам хушёрлик билан хизмат қилишмоқда. Хизмат ходимларининг тегишли ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари билан ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида жорий йилнинг ўтган даври мобайнида сайёҳлар билан боғлиқ жиноят ҳамда ҳуқуқбузарлик содир этилишига йўл қўйилмади.
Бундай кенг кўламдаги тадбирларни амалга оширишдан асосий мақсад, вилоятга ташриф буюраётган хорижлик ҳамда маҳаллий меҳмонларнинг самарали саёҳатини, дам олишини, маданий хордиқ чиқаришини, энг муҳими хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир.
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.