Суд залидан репортаж: Маст ҳолда рулга ўтирган ҳайдовчиларнинг қисмати....
Маст ҳолда рулга ўтирган ҳайдовчиларнинг қисмати....
Бугунги кунда ҳаётимизни транспорт воситаларисиз тасаввур қилиш жуда қийин. Дарҳақиқат, жамиятнинг ривожланишида транспорт воситалари муҳим ўрин тутишига кундалик ҳаётимизда гувоҳ бўлиб турибмиз. Республикамизда транспорт воситаларининг кўпайиши уларни бошқариш вақтида хавфсизлик чораларига риоя қилишга янада масъулият билан ёндашишни талаб қилмоқда. Зотан, транспорт воситалари билан боғлиқ ҳолда содир этилаётган жиноятлар таҳлили ҳайдовчилар томонидан ҳамма вақт ҳам хавфсизлик чораларига риоя қилинмаётганидан далолат бермоқда. Бу эса жамиятимизга, аниқроғи, фуқароларимиз ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдираётгани аянчли ҳолат.
Куни кеча жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида транспорт воситасини бошқарувчи томонидан транспорт воситаси ҳаракати ва ундан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиб, одам ўлишига сабаб бўлган шахсларга нисбатан суд ҳукми ўқилди.
Биринчи иш ҳолатларига кўра, маст ҳолда рулга ўтирган ҳайдовчи Р.Рахматов (исм-шарифлари ўзгартирилган) 2019 йил 30 сентябрь куни кундузи соат 12 ларда, “Нексия” русумли автомашинани бошқариб бораётиб, Йўл ҳаракати қоидаларининг тегишли бандлари талабларини қўпол равишда бузиб, йўлнинг қарама-қарши ҳаракат бўлагига ўтиб кетиб,
қарама-қарши йўналишдан ҳаракатланиб келаётган И.Абдуллаев бошқарувидаги “Дамас” русумли автомашина билан тўқнашган, натижада “Дамас” автомашинаси салонида бўлган Қ.Романовни олган оғир тан жароҳати туфайли вафот этишига, 3 нафар фуқарога турли даражадаги шикаст етказилишига ҳамда иккала автомашинага жами 41.580.000 сўм миқдорида моддий зарар етказилишига сабабчи бўлган.
Иккинчи иш ҳолатларига кўра, 2019 йил 10 ноябрь куни дастлаб уйида, кейинчалик тўйхонада меъёридан ортиқ “ароқ” истеъмол қилган ҳайдовчи А.Ҳикматов (исм-шарифлари ўзгартирилган) шу куни соат 21 ларда “Тико” русумли автомашинани, маст ҳолда бўлсада, шу ердаги кишиларнинг гапига қулоқ тутмасдан бошқариб кетиб, ички автомобиль йўлида, Йўл ҳаракати қоидаларининг ҳайдовчи ҳаракатланиш жараёнида пиёдаларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўришга мажбурлиги, йўналишни ўзгартиришдан олдин бажарилаётган манёвр хавфсиз эканлигига ва бошқа ҳаракат қатнашчиларига халақит бермаслигига ишонч ҳосил қилиши кераклиги, транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши кераклиги, қувиб ўтиш қоидаларига риоя қилиши лозимлиги каби талабларини қўпол равишда бузиб, йўл чеккаси бўйлаб пиёда ҳаракатланиб келаётган, энди 22 ёшни қаршилаган А.Юсуповни автомашинанинг олд қисми билан уриб юбориб, унинг шифохонада вафот этишига сабабчи бўлган.
Суд ҳукми билан ҳар иккала судланувчи Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 2-қисми билан айбли деб топилиб, уларга 3 йил муддатга транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган ҳолда 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, суд залидан қамоққа олинди.
Жиноят ишлари бўйича Ҳазорасп туман суди судьяси М.Рузметов