23 Май 2021 йил 536

Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида, Президентимизнинг 2020 йил 7 декабрдаги “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6127-сонли Фармони келгусида соҳада амалга оширишимиз лозим бўлган бир қатор устивор вазифаларни белгилаб берди.      

Суд тизимини малакали ва ҳалол пок кадрлар билан тўлдириш, суд органларининг фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб бориш йўлга қўйилди, судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонлар ишлаб чиқилиб амалиётга татбиқ этилди, шунингдек, судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш режалаштирилган. 

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муносабати билан 2021 йил 1 январдан ушбу судларнинг малака ҳайъатлари шакллантирилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланадиган ва лавозимидан озод этиладиган, фаолиятини доимий асосда амалга оширадиган Судьялар олий кенгаш раисининг ўринбосари лавозими жорий қилинди, судьялар дахлсизлигини таъминлаш бўйича суд инспекцияси негизида Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясини тузилди.

Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клуби ташкил этилди ва унинг таркиби кўп йиллик иш тажрибасига, чуқур билим ва юксак обрў-эътиборга эга бўлган амалдаги ва фахрий судьялардан шакллантирилди.

Суд ходимлари ва фахрийларига алоҳида эътибор қаратиш мақсадида ва судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш учун «Ибратли судья» мукофоти, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишонини жорий этиш белгиланганлигини алоҳида таъкидлаш зарур. 

Алоҳида таъкидланиши лозим бўлган ҳолатлардан яна биттаси Фармон билан суд ҳокимияти мустақиллигини янада кучайтириш, судьялар дахлсизлигини таъминлаш ҳамда тизимда коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб бугунги кунда бу борадаги ишлар жадал тарзда олиб борилмоқда.   

 

        Жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар  

        судининг судьяси

                                                 Р.М.Бобажанов

Text to speech