18 Сентябр 2020 йил 192270

"Ўзлигимиз тимсоли - она тилим" иншолар танловига: Тарихимсан, тақдиримсан, она тилим!

 “Ўзбек тили камбағал эмас, балки ўзбек тилини камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини ўзбек тилига тўнкамасинлар”.

Абдулла Қодирий

 

Тарих гувоҳки, мана бир неча минг йиллардан бери она тилимиз ҳанузгача ўзининг   аҳамиятини йўқотмай келмоқда. Ўзбек тилининг энг аҳамиятли жиҳати шундаки, у шундай ширали, ҳар бир қулоққа хуш ёқади, эшитган инсон энтикиб кетади. Жонажон тилимиз, шоир Миртемир айтганидек, ёшлигимизданоқ жон-у қулоғимизга сингиб кетган. Оналаримиз айтган аллалари-ю, бобо-бувиларимиздан эшитган эртак, ҳикоя, ривоят ва масаллар орқали юрагимиз туб-тубигача кириб борган, ўз навбатида она тилимизга, она ватанимизга муҳаббат уйғотган.

Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси ўз она тилисини севади, уни ҳурмат қилади ва эъзозлайди. Чунки айнан шу тил орқалигина ҳар қандай миллатнинг қай тарзда яшаётганлигини, ривожланаётганлигини, ёки аксинча, орқада қолаётган ва қашшоқлашиб бораётганлигини билишимиз мумкин. Шунинг учун ҳам бежизга: “Тил – миллат кўзгуси”, - дейишмайди.

1989 йил 21 октябрь. “Давлат тили ҳақида”ги Қонун қабул қилиниб, ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилди. Халқимизнинг муқаддас қадриятларидан бири бўлган она тилимиз ўзининг қонуний мақоми ва ҳимоясига эга бўлди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам Давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилди. Шу тариқа ўзбек тили давлатимизнинг байроғи герби, мадҳияси каби қонун йўли билан ҳимоя қилинадиган муқаддас давлат рамзлари қатори эъзоз ва эҳтиромга сазовор бўлди. Кейинги йилларда Давлат тилининг ижтимоий ҳаётда тутган мавқеини янада мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил
21 октябрдаги фармони билан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси аппаратининг таркибий бўлинмаси ҳисобланган Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди. Бундан кўзланган мақсад Давлат тилини ривожлантириш, давлат тилининг амал қилиши билан боғлиқ муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича таклифлар тайёрлаш, ўзбек тилининг ёзма матни меъёр ва қоидаларини ишлаб чиқишдан иборат.

Миллий тилимизга, она тилимизга бўлган эътибор, нафақат бугунги кунда, балки тарихнинг барча даврларида ҳам долзарб аҳамият касб этиб келган. Шу ўринда боболаримиз айтган қуйидаги пурмаъно фикрларни эслайлик: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлигини кўрсатадургон ойинайи ҳаёти тил ва адабиётдир. Миллий тилни йўқотмак миллат руҳини йўқотмакдур” (М.Беҳбудий). Эътибор беряпсизми, миллий тилни йўқотмак миллат тилини йўқотмакка қиёсланмоқда. Дарҳақиқат, тилнинг аҳамияти, унинг мавжудлиги ҳар қандай юрт, миллат тараққиётини белгилаб бериши шубҳасиз. Айниқса, бугунги глобаллашув дунё халқларининг турмуш тарзи умумийлик касб этган бир даврда юқоридаги сўзларнинг залвори икки ҳисса ортади.

Тил – миллат кўзгуси, маънавият сарчашмасидир. Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов бежизга она тилимизни: “Жамики эзгу фазилатлар инсон қалбига, аввало, она алласи, она тилининг бетакрор жозибаси билан сингади. Она тили – бу миллатнинг руҳидир” дея эътироф қилмаган. Ўз тилини йўқотган ҳар қандай миллат ўзлигидан жудо бўлиши муқаррар.

Ёзувчи ва шоирларимиз тилимиз ҳақида кўплаб пурмаъно ҳикматли сўзларни айтганлар ва тилни турлича таърифлаганлар. Абдулла Орипов ўзбек тили йўқолса, тўтига айланиб қолишини, Эркин Воҳидов она тилимиз ўлмаслигини бот-бот таъкидлайди. Расул Ҳамзатов эса она тилиси йўқолса, ҳатто ўлимга ҳам рози эканлигини қаламга олади.

Она тилимиз ҳисобланмиш ўзбек тилини мақтаб, уни мадҳ этиб, ҳаттоки шу мавзуда қасидалар ёзиб, қалам тебратган шоир-у шоираларимиз ниҳоятда бисёр. Масалан, қалами ўткир шоир Рауф Парфининг:

Ҳайҳот, топтаганда араб-у мўғул,

Ҳаётингнинг занжирли йили.

Бошдан не кечирдинг мардона ўғил,

Ўзбек тили, ўзбек тили, – дея айтилган юқоридаги шеърида юртимизни кўчманчилар истило қилганда ҳам, гарчи босиб олиб, ўз тили, мафкурасини ўрнатишга ҳаракат қилган бўлсалар-да, ўзбек миллати ўзининг энг қимматли бойлиги, яъни она тилисини йўқотмаганлиги акс этган. Ёки шу воқеаларнинг давоми сифатида Хуршид Давроннинг қуйидаги шеърини келтиришимиз мумкин:

Келиб кетди неча дунёлар,

Кулди ҳаёт, йиғлади ўлим.

Сен деб қурбон бўлди боболар,

Улар кетди, сен қолдинг, тилим.

 

Шу воқеаларни эслаб, Муҳаммад Юсуфнинг қуйида ёзган шеърини ўқиб, беихтиёр ўйга толади киши:

Онам “эркам” деб қучганда тунлар ярим,

Эрким йўқ деб зирқирарди бир жойларим.

Паровозни ҳансиратган буғдойларим,

Олтинларим, маъданларим, ипакларим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Шоир кейинги мисраларда ўзбек тилига ва унинг ривожига бениҳоя катта ҳисса қўшган “ғазал мулкининг султони” Мир Алишер Навоийнинг она тилимизга бўлган чуқур ҳурмат-эҳтиромини қуйидагича қайд қилиб ўтади:

Сен бўлмасанг, нима бизга силлиқ шеърлар,

Бу дунёда тили йўқда дил йўқ дерлар.

Баҳойинг-ку бериб кетган Алишерлар,

Юрагимнинг тўридаги сўлмас гулим,

Она тилим, кечир мени, она тилим.

 

Шукур Қурбоннинг “Она тилим” қасидасида она тилининг мангулиги, барҳаётлиги олдида инсон умрининг бир лаҳзалик хотира эканлигини таъкидланади:

Сен мангусан, бақосан,

Мен эсам – ўткинчи зот.

Сен ҳамиша баҳорсан,

Мен – лаҳзалик хотирот.

Она тилим, жон тилим.

 

Ватанимиз мустақиллигининг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, халқимиз, аввало, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда ўзбек тилининг аҳамияти тобора ортиб бормоқда. Аллоҳга беҳисоб шукрлар бўлсинки, ўзбек тилининг шон-шуҳрати, обрўси борган сари йилдан йилга ошиб бормоқда. Спорт, фан, маданият ва санъат соҳасида Ўзбекистон ёшларининг саъй-ҳаракатлари беқиёсдир. Юрт келажаги бўлган биз ёш авлод ўз ҳаракатларимиз  билан ўзбек тилини бутун дунё тан олиши, унинг ривожланишига жуда катта ҳисса қўшишимиз лозим. Шу жумладан, Ўзбекистон ёшлари қаторида мен ҳам она тилимиз софлигини сақлаш, уни янада юксалтиришга ўз ҳиссамни қўшиш учун астойдил ҳаракат қиламан:

Майли, ким қай тилдан завқ-у шавқ олса,

Менинг ўз тилимга минг жоним фидо.

Эрта она тилим агар йўқолса,

Мен бугун ўлишга бўлурман ризо.

(Расул Ҳамзатов)

 

 

 

Давлатназаров Мухриддин

 ИИВнинг Хоразм академик лицейи

ўқувчиси

 

Text to speech