Тўмарисга хос авлод бўлишни ният қилган хотин-қизлар
Хоразм диёри ўзининг буюк тарихи, қадимий обидалари билан бир қаторда дунё тамаддунига муносиб ҳисса қўшган алламолари ва чин ватанпарвар қаҳрамонлари билан ҳам оламга танилган.
Жалолиддин Мангуберди ҳар бир йигит учун ватанпарварлик тимсоли бўлса, хотин-қизлар учун бу борада албатта Тўмарис энг буюк сиймодир.
Шу боис истиқлол йилларида фаолияти қайта тикланиб, 1000 йиллиги кенг нишонланган Хоразм Маъмун академиясида Тўмарис тарихини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилиб, ўша даврга оид экспонатлардан иборат музей ташкил этилган.
Хоразм вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ташаббуси билан соҳада хизмат қилаётган хотин-қизлар учун “Тўмарисга содиқ авлодлармиз” мавзусида семинар ўтказилди.
Семинарнинг айнан Хива шаҳрида жойлашган Хоразм Маъмун академиясида ўтказилганлиги эса унинг юқори савиясида бўлиб ўтишини таъминлади.
Академиянинг етакчи тарихшунос олимлари томонидан Тўмарис тўғрисида берилган маълумотлар ва музейда сақланаётган экспонатлар билан яқиндан танишган хотин-қизлар қалбида ички ишлар органларидаги келгуси хизмат фаолиятида зарур бўлган асосий ҳислатлардан бири яъни ҳарбий ватанпарварлик ва шижоатни янада оширди десак муболаға бўлмайди.
Айниқса Ўзбекистон халк артисти Гулора Раҳимова томонидан ижро этилган “Тўмарис” монологи барча иштирокчилар қалбидан чуқур жой эгаллади.
Хоразм вилоятида ички ишлар органларининг маънавий-маърифий билимларини оширишга қаратилган тадбирлар давом этмоқда.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати