Учрашув лицей ва мактаб-интернат ўқувчилари ўртасида дўстлик ришталарини боғлади
ИИВ Хоразм академик лицейининг ўқитувчи-педагог ва ўқувчилари томонидан амалга оширилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳамиша ижобий баҳоланиб келмоқда.
“3 декабрь – Халқаро ногиронлар куни” муносабати билан мазкур лицей жамоаси навбатдаги яна бир хайрли ишни амалга оширишди.
Хоразм вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси масъул ходимлари, академик лицей раҳбарияти ва бир гуруҳ фаол ўқувчилари эшитиш ва гапиришида нуқсони бўлган ўқувчилар таҳсил олаётган Урганч шаҳридаги 32-сон мактаб-интернатга ташриф буюрдилар.
Лицей ва мактаб-интернат ўқувчилари дастлаб ўзаро сурдо таржимон ёрдамида мулоқотда бўлган бўлсаларда, кейинчалик уларнинг ўзаро дўст тутинишларига қалбларидаги жўшқин меҳрнинг ўзи етарли бўлди.
Учрашув жараёнида лицей ўқувчилари томонидан мактаб-интернат ўқувчиларига дўстлик риштаси сифатида эсдалик совғалари топширилди.
Лицейнинг бир гуруҳ иқтидорли ўқувчилари томонидан намойиш этилган жисмоний ва жанговар тайёргарликни акс эттирувчи кўргазмали машқлар мактаб-интернат ўқувчилари ва иштирокчиларнинг олқишига сазовор бўлди.
Ўз навбатида мактаб-интернат ўқувчилари ҳам ўзлари томонидан тайёрланган оммавий рақс саҳналарини намойиш этдилар.
Ўқувчи ёшлар келгусида дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлашга, бу каби учрашувларни тез-тез ўтказиб туришга ўзаро аҳдлашдилар.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати