Ўғирлик жинояти ва унинг салбий оқибатлари
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ мамлакат иқтисодиётининг негизини турли шаклдаги мулк ташкил этади. Мулк мутлоқ даҳлсиз ҳисобланади ва давлат томонидан қўриқланади, унга нисбатан ҳар қандай тажовуз қонунга зид деб топилади.
Жабрланувчининг ёки бошқаларнинг йўқлигида ёки улар бор бўлсада, уларга билдирмасдан ўзганинг мол-мулкини яширин талон-торож қилиш ўғрилик ҳисобланади. Бордию жабрланувчи ёки бошқалар мол-мулкининг олинаётганлигини кўрган бўлсада, лекин айбдор билдирмасдан ҳаракат қиляпман деб ўйлаган бўлса, бундай қилмишни ҳам ўғрилик деб тавсифлаш лозимлиги Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленумининг “Ўзгалар мулкини ўғирлик, талончилик ва босқинчилик билан талон-тарож қилиш жиноят ишлари бўйича суд амалиёти тўғрисида”га Қарорининг 1-бандида белгилаб ўтилган.
Афсуски ҳозирги кунда кенг жамоатчилик орасида олиб борилаётган тарғибот-ташвиқот ишларига қарамасдан ҳалқимиз орасида айниқса ёшлар ўртасида ўғрилик жинояти учраб турибди, бунга бир мисол сифатида 2021 йил 02 февраль куни жиноят ишлари бўйича Урганч шаҳар судида Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 3-қисми “а” банди билан айбланган Хасанов Рахимбой, Каримов Асадбек ва Бердиев Алишерларга (судланувчиларнинг исми шарифлари ўзгартирилган) нисбатан бўлган жиноят иши мазмунан кўриб чиқилиб, судланувчи Р.Хасанов, А.Каримов ва А.Бердиевлар муқаддам бир неча маротаба судланган бўлишига қарамасдан ўзларига тегишли хулоса чиқармасдан яна ўғирлик жиноятига қўл урганлар, натижада суд ҳукми билан судланувчиларга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва улар ўзларига илгари берилган имкониятлардан оқилона фойдаланмаганлиги оқибатида Р.Хасанов қарамоғидаги ёш фарзанди ва оиласидан ажралган ҳолда, А.Каримов ва А.Бердиевлар эса ҳали оила қуриб улгурмасдан, ҳаётининг энг гуллаган ёшлик даврини панжара орқасида ўтказадиган бўлишди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, ёшларимиз бугунги кунда яратиб берилаётган шарт-шароитлар ва имкониятлардан оқилона фойдаланиб давлат ва жамият тараққиёти йўлида ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишини истар эдик.
Жиноят ишлари бўйича
Урганч шаҳар судининг судьяси
Д.Д.Муратов