Урганч шаҳрида ППХ ходимлари томонидан фуқаронинг ҳаёти сақлаб қолинди
Жорий йилнинг 12 июль кун соат 10.30ларда Хоразм вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ ППХ батальони 1-отряд сафдор ходими, сафдор Равшан Рўзимов ҳамда 2-отряд сафдор ходими, сафдор Мурод Исмоиловлар ўзларига бириктирилган “Нексия” русумли 90 076 VSF давлат рақамли автомашинада Урганч шаҳрининг Улуғбек кўчасида хизмат вазифасини бажаришарди. Шу пайт нотаниш аёл уларни тўхтатиб, бир фуқаро сув қувурига тиқилиб қолганини, зудлик билан ёрдам бермаса ҳаёти хавф остида эканлигини айтади. ППХ батальони ходимлари зудлик билан ҳодиса жойига етиб боришганида қирқ беш ёшлар атрофидаги фуқаро “Қирғиз ёп” каналидан “Ёшлар кўли”га ўтувчи сув қувурида тиқилиб ётарди. Хизмат ходимлари дарҳол сувга тушиб, ёрдамга муҳтож фуқарони қутқариб қолишади ва зудлик билан уни шифохонага олиб боришади.
-Ёшлар кўлидаги сув меъёр талабига етгач, тупроқ тўлдирилган қоп билан қувурни ёпмоқчи бўлдим,-дейди Урганч тумани ободонлаштириш бўлими ишчиси Ўктам Ражабов.-Аммо сув босими кучли бўлганлиги боис қўлимдаги тупроқ тўла қопни қувур тортиб кетди. Аксига олиб қувур билан қоп оралиғида оёғим ҳам қолиб, каналдан чиқолмай қолдим. Жазирама иссиқ туфайли ён-атрофда ҳам ҳеч ким кўринмади. Бир неча бор уринсам-да, оёғимни қувурдан тортиб ололмадим. Аксинча сув мени қувур ичига тортиб кетаётгандек эди. Кўп куч сарф қилганимдан ҳолсизланиб қолдим. Бор кучимни йиғиб, “Ёрдам беринглар”, дея қичқира бошладим. Орадан кўп ўтмай канал бўйида бир аёл пайдо бўлди ва ёрдам беришга кучи етмаслигини билиб, қаёққадир чопиб кетди. Шу заҳоти ППХ батальони ходимлари етиб келишди ва хизмат кийимини ҳам ечмасдан сувга тушиб мени қувурдан тортиб олишди. Ўша меҳрибон аёлнинг ҳамда осойишталигимиз посбонларининг ўз вақтида кўрсатган беғараз ёрдами туфайли омон қолдим. Ўзим ва оилам номидан бу фидойи инсонларга миннатдорлик билдираман. Доимо халқимизнинг ҳурмат-эътиборида бўлишсин!
Худойберган ЖАББОРОВ,
“Postda” мухбири.
Хоразм вилояти.