Урганч шаҳридаги ҳарбий қисмда ижодий учрашув бўлиб ўтди
Маънавий-маърифий озуқа ҳарбийлардаги ватанпарварлик ва жанговорлик руҳини юксалтиришда энг муҳим омил ҳисобланади. Шу боис “Урганч” Халқаро аэропортида хавфсизликни таъминлаш батальони шахсий таркиби билан маънавий-маърифий ишларни олиб боришга алоҳида эътибор қаратилган.
Шундан келиб чиққан ҳолда ҳарбий қисм раҳбариятининг ташаббуси билан жорий йилнинг 1 июнь куни ҳарбийлар ва бир гуруҳ ижодкорлар иштирокида ижодий учрашув ташкил этилди.
"Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик" ғояси асосида амалга оширилаётган ташкилий-амалий, маънавий-маърифий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари доирасида Республика Маънавият-маърифат маркази томонидан тузилган ишчи гуруҳ таркибида Хоразм вилоятига ташриф буюрган ижодкор ва зиёлилар "Ватан равнақи учун ҳар биримиз масъулмиз" шиори остида бўлиб ўтган ушбу ижодий кечада иштирок этдилар.
Таниқли актёр, актриса ва экстрада хонандалари томонидан ижро этилган куй, қўшиқ ва монологлар ижодий кечага файз ва завқ бағишлади.
Хоразм вилояти ИИБ ахборот хизмати