Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиздир!
Айни кунларда ички ишлар органларида маънавий-маърифий йўналишдаги ишлар янги босқичда олиб борилмоқда. Ҳудудий ички ишлар органлари ҳамда Маънавият ва маърифат марказлари томонидан имзоланган ҳамкорлик меморандуми бу борадаги чора-тадбирларнинг сифат ва самарадорлигини оширишда муҳим ўрин тутмоқда.
Жорий йилнинг 18 июнь куни Тупроққалъа туманида ўтказилган маънавий-маърифий тадбир ҳам шу боис юқори савияда ташкил этилди.
“Ватанга ва халққа садоқат билан хизмат қилиш - олий бурчимиздир!” шиори остида бўлиб ўтган тадбирга туман ички ишлар бўлимининг шахсий таркиби ва оила аъзолари таклиф этилди.
Тадбирда туман ҳокимлиги масъул ходимлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази туман бўлинмаси, вилоят Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Мунаввара Нурмоновалар сўзга чиқиб бугунги кунда мамлакатимиздаги бунёдкорлик ишларини амалга оширишдаги ички ишлар органлари ходимларнинг машаққатли шу билан биргаликда шарафли хизматларини эътироф этиб ўтдилар.
Санъаткорлар томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар ва жозибадор рақслар тадбир иштирокчиларга кўтаринки кайфият бағишлади.
Айниқса, 20-сон умумтаълим мактаби ёш ҳаваскорлар театр тўгараги томонидан саҳналаштирилган “Яхшивой ва Ёмонтойнинг саргузаштлари” театр томошаси тадбирда иштирок этган болажонларда катта таассурот қолдирди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати