Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ташаббуси билан 3-сектор ҳудудида “Обод ва хавфсиз маҳалла” дастури доирасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда
Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича Хоразм вилояти 3-сектор раҳбари, вилоят ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов сектор ҳудудида аҳолининг турмуш ва яшаш тарзини яхшилаш, янги иш ўринларини яратиш, ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига алоҳида эътибор билан қараб келмоқда.
Урганч туманининг “Орзу” маҳалласи узоқ йиллар давомида мутасадди раҳбарлар эътиборидан четда қолиб келганлиги боис, маҳалладаги ижтимоий соҳа объектлари, ички йўллар, коммуникация тармоқлари бутунлай яроқсиз ҳолга келиб қолган эди.
Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи шу боис ҳам “Обод ва хавфсиз маҳалла” дастури доирасидаги қурилиш таъмирлаш ишларини айнан шу маҳалладан бошлашни таклиф этди.
Бугун маҳаллада иш қизғин. Бошқарма бошлиғи маҳаллада олиб борилаётган ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиб бормоқда. Мутахассислар ва маҳалла аҳолиси билан маслаҳатлашган ҳолда қўшимча ижтимоий соҳа объектларни қуриш, мавжудларини таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.
Аниқ ва шаффоф режа асосида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини маҳалла аҳолиси қўллаб-қувватлаб, кўкаламзорлаштирилиши режалаштирилган ҳудудларга ўзбошимчалик билан қурилган ноқонуний қурилмалар фуқароларнинг ўзлари томонидан ихтиёрий равишда бузиб олинмоқда.
Келгусида ҳар бир маҳаллада шу каби бунёдкорлик ишларини олиб бориш режалаштирилган. Ушбу олиб борилаётган ишлардан кўзланган мақсад ягона, у ҳам бўлса аҳолининг бахтли ҳаёт кечиришини таъминлаш.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати