Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи Хонқа туманида сайёр қабул ўтказди
Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи генерал-майор Д.А.Назармухамедов томонидан аҳолининг мурожаатларини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида 2020 йилнинг 8 сентябрь куни Хонқа тумани “Эзгулик” маҳалласида жойлашган мусиқа мактаби биносида (карантин қоидаларига қилган ҳолда) сайёр қабул ўтказилди.
Хоразм вилояти ИИБ бошлиғи ва Хонқа тумани Ҳокими сайёр қабулда ўзларининг мурожаати билан иштирок этган фуқароларнинг муаммоларига алоҳида эътибор қаратиб, мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан тезкор амалий чоралар кўришди.
Туман ҳудудидан ўтувчи давлат аҳамиятига молик автомобиль йўли бўйида жойлашган умумтаълим мактаби директорининг мактаб олдида хавфсиз пиёдалар ўтиш йўлаги ташкил этиш борасидаги таклифи мутасаддилар томонидан шу жойнинг ўзига бориб ўрганилди. Ўрганиш натижаларидан кейин мактаб директорининг мурожаатини ижобий ҳал этиш юзасидан қарор қабул қилинди.
Сайёр қабул доирасида маҳаллий ёшлар билан бўлиб ўтган учрашувда эса уларнинг муаммо ва таклифлари ўрганилди. Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган ёшларга имтиёзли кредитлар ажратилиши юзасидан қарорлар қабул қилинди.
Хонқа туманида яшовчи, 1995 йилда туғилган, Соҳиба Юсупованинг жамоат транспортларида бадиий асарларнинг аудио талқинидан (аудио-китоб) фойдаланиш тўғрисидаги таклифи учрашув иштирокчиларининг олқишига сазовор бўлди. Жамоат транспортида енгил-елпи қўшиқлар ўрнига бадиий асарларнинг аудио талқинидан фойдаланиш йўловчиларнинг бадиий-маънавий савиясини юксалтириши билан биргаликда, транспорт ичида ортиқча шовқин бўлмаслиги ҳам таъминланади. Ушбу таклифни кундалик ҳаётга татбиқ этиш юзасидан вилоят ИИБ ЙҲХБ ва вилоят транспорт бошқармаси томонидан ҳамкорликда чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Учрашув давомида фаол иштирок этган бир гуруҳ ёшларга вилоят ИИБ бошлиғи томонидан бадиий ва ижтимоий-сиёсий китоблар жамланмаси совға қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати