28 Январ 2023 йил 578

Хоразм вилояти ИИБ да навбатдаги “Маънавият ва маърифат дарси” унутилмас жараёнларга бой бўлди

Ички ишлар органлари ходимларини она-Ватанга ва халқига содиқ, касбига фидойи, мустақил фикрлайдиган, изланувчан, интилувчан, зийрак, ҳушёр ҳамда истиқлол ғояларига садоқатли бўлган маънавиятли ва маърифатли қилиб тарбиялашда айнан “Маънавият ва маърифат дарслари”нинг ўрни беқиёсдир.

Хоразм вилояти ИИБ да 28 январь куни бўлиб ўтган “Маънавият ва маърифат дарси” ҳам унутилмас онларга бой бўлди десак муболаға бўлмайди.

Чунки ушбу дарс машғулотида шахсий таркиб эътиборига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-10-сонли Қарорининг мазмун-моҳияти батафсил тушунтириб ўтилди.

Хусусан, Хоразм вилояти ИИБ бошлиғининг ўринбосари полковник А.Имяминов мазкур қарор Янги Ўзбекистоннинг янги ички ишлар органларини шакллантириш борасида қабул қилинган энг муҳим қарорлардан бири эканлигини таъкидлаб, ушбу қарорни барча шахсий таркиб пухта ўзлаштириб олиши, шу билан биргаликда ўз фаолиятларини амалга оширишда мазкур қарорга сўзсиз риоя қилишлари лозимлигини уқтириб ўтди.

Бундан ташқари, тааллуқли соҳа ходимлари томонидан қарор юзасидан берилган тушунтиришлар ҳам шахсий таркиб мазкур қарорни пухта ўзлаштириб олишида амалий ёрдам берди десак муболаға бўлмайди.

Хизмат вазифасини бажаришда юқори кўрсаткичларга эришиб ҳамкасбларига ўрнак бўлиб келаётган бир гуруҳи фидойи ходимларнинг ота-оналарига Вазирлик раҳбариятининг ташаккурномаси топширилганлиги ҳамда хизмат бурчи ва қасамёдига содиқлигини намоён этиб келаётган майор Шаҳриёр Исмоиловнинг муносиб тақдирланганлиги йиғилиш иштирокчиларига ўзгача кўтаринкилик ва шижоат бағишлади.

Тақдирланганлар ҳамкасбларининг чексиз олқишига сазовор бўлдилар.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати

Text to speech