Хоразм вилояти ИИБ Тиббиёт бўлимида фаолият юритаётган хотин-қизлар ўртасида ҳуқуқий тарғибот учрашуви ўтказилди
Хоразм вилояти ИИБ Тиббиёт бўлимида айни кунда 150 нафардан ортиқ тиббиёт ходимлари фаолият кўрсатиб келаётган бўлиб, уларнинг аксариятини хотин-қизлар ташкил этади.
Вилоят ички ишлар органлари тизимида хизмат қилаётган ходимларнинг Ватанимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишдек шарафли вазифани тўлақонли амалга оширишларида тиббиёт бўлимининг жонкуяр ва фидойи шифокорлар ҳамда ҳамшираларининг ўрни беқиёсдир.
Бугун мазкур жамоада бўлиб ўтган йиғилишда иштирок этган Хоразм вилояти ИИБ Маънавий-маърифий ишлар ва кадрлар билан таъминлаш хизмати бошлиғининг ўринбосари подполковник Д.Боғбекова тиббиёт бўлими ходимлари томонидан амалга оширилаётган эзгу ишларни эътироф этган холда, соҳада фаолият юритаётган хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилиш масаласи раҳбариятнинг доимий эътиборида эканлигини таъкидлаб ўтди.
Шундан келиб чиққан ҳолда, тиббиёт бўлими фаолият юритаётган хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий ҳимоя қилишни тизимли равишда йўлга қўйиш учун “Хотин-қизлар жамоатчилик кенгаши” тузишни таклиф қилди.
Ушбу таклиф йиғилишда иштирок этган барча хотин-қизлар томонидан илиқ кутиб олинди ва жамоатчилик кенгаши раиси ва аъзолари кўпчиликнинг фикр мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда, очиқ овоз бериш йўли билан сайланди.
Шунингдек, подполковник Д.Боғибекова йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 20 январдаги “Ички ишлар органларини халқчил профессионал тузилмага айлантириш ва аҳоли билан янада яқин ҳамкорликда ишлашга йўналтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-10-сонли Қарорининг мазмун-моҳияти тушунтириб ўтди.
Бундан ташқари иштирокчилар эътиборига Урганч шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ва вилоят ички ишлар органлари ўртасида аҳолининг банд бўлмаган қисмини касб-ҳунарга ўқитиш, меҳнатга жалб қилиш ҳамда уларни бандлигини таъминлаш бўйича ҳамкорлик ўрнатилганлиги етказилиб, ушбу мономарказ имкониятларидан кенг фойдаланиш юзасидан тавсия берилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати