Хоразм вилояти ИИБнинг бир гуруҳ ходимлари беморлар учун ихтиёрий равишда қон топширишди
Айни кунларда мамлакатимиз ёшлари 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан “Эзгулик албатта қайтади” шиори остида ихтиёрий қон топшириш (донорлик) акциясида фаол иштирок этмоқдалар.
Чунки, тиббиётда инсон ҳаётини сақлаб қолишда донорлик қонининг аҳамияти энг биринчи ўринда туради. Сунъий қон ҳаттоки энг мукаммал технологиялар асосида яратилган бўлсада, инсоннинг табиий қони ўрнини боса олмайди.
Хоразм вилояти ИИБ Кадрлар бошқармаси ёшлар етакчиси капитан А.Нуруллаев ва хотин-қизлар масалалари бўйича бош инспектори майор Ю.Ҳамдамоваларнинг ташаббуси билан вилоят ички ишлар органларида хизмат қилаётган бир гуруҳ ёш ходим ва ходималар ҳам ушбу эзгу ишлардан четда қолмасдан ихтиёрий равишда қон топшириш мақсадида вилоят қон қуйиш марказига ташриф буюрдилар.
Лозим текширувлар амалга оширилгач (карантин қоидаларига тўлиқ риоя қилинган ҳолда) ходимлардан белгиланган тартибда ва миқдорда қон олинди.
Қайсидир зарур беморга қон бериш орқали унинг ҳаёти ва соғлиғини сақлаб қолишга ёрдами текканидан ходимлар хурсанд бўлишган бўлса, қон қуйиш марказига қон излаб келган беморларнинг қариндошлари ички ишлар ходимларининг эзгу ишларни олқишладилар.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати