Хоразм вилоятида карантин қоидалари бўйича тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда
Аҳоли орасида коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари ҳар куни қайд этилаётгани барчани бирдек ташвишга солмоқда.
Янгибозор туманида инфекция тарқалишининг олдини олиш борасидаги профилактик чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йилнинг 23 сентябрь куни Жиноят ишлари бўйича Янгибозор тумани суди раиси ва туман ИИБ бошлиғининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси масалалари бўйича ўринбосари яқин кунлар ичида оилавий тўй ва тантаналарни ўтказишни режалаштираётган туманда яшовчи бир гуруҳ фуқаролар билан профилактик йўналишда учрашув ўтказдилар.
Йиғилишда иштирок этганларга бугунги кунда риоя қилиниши лозим бўлган карантин чекловлари ва бу борадаги ҳуқуқбузарлик учун назарда тутилган жавобгарлик тўғрисида батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, тумандаги коронавирус инфекцияси билан касалланган бемор шахслар яшовчи хонадонларда профилактика инспектори, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва маҳалла фуқаролар йиғини вакиллари томонидан карантин қоидаларига риоя қилиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди ва ушбу хонадонларга белгиланган тартибдаги белгилар ўрнатилди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати