Хоразм вилоятида хотин-қизлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилади
Айни кунларда Хоразм вилоятида хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, низоли оилаларни барвақт аниқлаш ва улардаги низоларни бартараф этиш, ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Бу борада вилоят ИИБ ҳамда вилоят Оила ва хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бошқармаси билан ҳамкорликда маҳаллаларда, меҳнат жамоаларида тарғибот учрашувлари бўлиб ўтмоқда.
Амалга оширилаётган ушбу чора-тадбирлар оилаларда пайдо бўлган ҳар қандай кўринишдаги низоли холатларнинг иштирокчиси бўлган хотин-қизларнинг дастлабки жараёндаёқ маҳаллалардаги аёллар фаоли, кайвони онахонларни жалб қилган ҳолда муросага келтиришга қаратилган.
Эндиликда вилоятда хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш борасида партиялар қошида тузилган “Депутат аёллар клуби” ролини янада кучайтириш масаласи ҳам кун тартибидан ўрин олган.
Шу билан биргаликда тазйиқ ва зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш мақсадида расмийлаштирилган “ҳимоя ордери” талабларига риоя қилиниши устидан самарали назорат ўрнатиш чора-тадбирлари белгилаб олинди.
Шунингдек “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳам чора-тадбирлар режасидан ўрин олган.
Юқоридагилар билан бир қаторда хотин-қизлар масалалари бўйича инспекторлар тарғибот учрашувларида бугунги кунда вилоятимизда хотин-қизлар томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олишга қаратилган профилактик тушунтириш ишлари амалга оширмоқдалар.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати