Хоразмда экстремистик жамоат тузишга уринган шахс судланди
2020 йил март ойида Хоразм вилояти ИИБ ва ДХХ Хоразм вилояти бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Боғот туманида яшовчи 25 ёшли Д.А. қўлга олинган.
У ижтимоий тармоқлардаги Ўзбекистон Республикасида тақиқланган экстремистик оқимлар таъсирига тушиб қолган. Уларнинг бузғунчи ғояларини интернет тармоғи орқали тенгдошлари орасида тарқатиб келган ва яширин, виртуал жамоат тузишга уринган. Унинг мобил телефони хотирасидан экстремистик оқимларга мансуб шахсларнинг аудио ва видео маърузалари, видеороликлар топилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида Д.А.нинг ноқонуний хатти-ҳаракатларни олди олинди.
Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилояти судида Д.А. айбига иқрор бўлиб, барча қилмишларига чин дилдан пушаймон эканини маълум қилди.
Суд Д.А.ни Жиноят кодексининг 159-моддасининг 1-қисми ва 244-моддаси 3-қисми «г» банди билан айбдор деб топди.
Суд унга жазо тайинлашда айбига тўлиқ иқрор эканини, пушаймонлигини, ёш ва оила қурмаганини, илгари судланмаганини инобатга олиб, енгилроқ жазо тайинлашни лозим топди. Д.А.га 3 йилу 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланиб, суд залидан озод қилинди.
Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати