24 Феврал 2021 йил 819

Хоразмда хотин-қизлар билан ишлашнинг “маҳаллабай” тизими ижобий натижасини бермоқда

Айни кунларда Хоразм вилоятида мавжуд муаммоларни аниқлаш ва бартараф этиш, ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга қаратилган профилактик чора-тадбирлар “маҳаллабай” тизимида амалга оширилмоқда.

Қисқа муддатда ўзининг ижобий самарасини берган ушбу тизим хотин-қизлар билан ишлаш масаласига ҳам татбиқ этилди.

Эндиликда вилоятда истиқомат қилувчи хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда уларни тазйиқ ва зўравонликдан асраш борасида шаҳар-туман ички ишлар органларининг хотин-қизлар масалалари бўйича катта инспекторлари ва маҳалла фуқаролар йиғини  раисининг хотин-қизларни ижтимоий-маънавий қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари ўртасида бевосита ҳамкорлик йўлга қўйилди.

Бу эса ўз навбатида хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши билан боғлиқ ҳолатларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш имконини бермоқда.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг ўтган даврида вилоят ҳудудида тазйиқ ва зўравонликка учраган 250 нафардан ортиқ хотин-қизларга нисбатан “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилиб, уларнинг барчаси давлат томонидан қонуний ҳимояга олинди.

Шунингдек, ички ишлар органларининг ташаббуси билан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 76 нафар хотин-қизларнинг доимий иш билан бандлиги таъминланди.

Олиб борилган чора-тадбирлар натижасида эса вилоят ҳудудида хотин-қизлар томонидан содир қилинган жиноятлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан кескин камайишига эришилди.

Хоразм вилояти ИИБ Ахборот хизмати      

Text to speech